Қишлоқ аёллари ҳолидан хабар олинди
Аёллар муаммоларига эътибор қаратиш, гендер тенгликни таъминлаш мақсадида БМТ Бош Ассамблеясининг 2007 йил 18 декабрдаги “Қишлоқ ҳудудларида аёлларнинг аҳволини яхшилаш” тўғрисидаги резолюциясига асосан 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни деб эълон қилинган.
Мазкур кунда қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи аёлларнинг муаммоларига, хусусан, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоялаш, гендер тенгликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Навоий вилоят ҳудудий партия ташкилоти ходимлари томонидан мазкур сана муносабати билан пахта далаларида меҳнат қилаётган хотин-қизлар ҳолидан хабар олинди. Улар тумандаги “Aслонов Бобомурод” фермер хўжалигида бўлишиб, илғор теримчиларга қимматбаҳо совғалар топширишди.

– Фермер хўжалигимиз 2015 йил ташкил этилган бўлиб, умумий ер майдонимиз 50 гектардан иборат, – дейди фермер Бобомурод Аслонов. – 6 нафар доимий ва 25 нафар мавсумий ишчимиз бор. Жорий йил эрта баҳорда 22 гектар ерга чигит қадаган эдик. Далалардан 90 тонна пахта етиштиришни режалаштирганмиз. Ҳозирги кунга қадар 5 гектардан 25 тонна ҳосил йиғиштириб олдик.
Учрашув жараёнида пахта теримида фаоллик кўрсатаётган илғор теримчилар билан дилдан суҳбат қилинди.

– Ҳар йили пахта теримида иштирок этаман, – дейди теримчилардан бири Сурайё Равшанова. – Биринчи теримда 150-200 килограмгача пахта тераман. Терим пулларини ўз вақтида беришмоқда. Далада фермер томонидан иссиқ овқат, чой ташкил этилган. Биз аёллар ўзаро суҳбатлашиб, қўшиқлар хиргойи қилиб, биргаликда пахта тераяпмиз. Вақтимизни чоғ ўтказаяпмиз. Бугун партия ташкилоти ходимлари келишиб, илғор теримчиларга совғалар топширишди. Албатта, бу каби эътибордан барчамиз хурсанд бўлдик.

– Таъкидлаш жоизки, ушбу тадбирлар республикамизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва ишлаб чиқаришдаги улушини ошириш, улар учун муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш мақсадида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар самарасидир, – дейди партиянинг Кармана тумани Кенгаши раиси Юсуф Муродов. – Бугун ҳаётдан, эътибор ва эъзоздан кўкси тоғдек кўтарилаётган, хурсандлигидан дил розилигини билдираётган аёлларимизни кўриб, бизнинг ҳам кайфиятимиз кўтарилди. Партиядошларимиз ҳам пахта теришиб, уларга яқиндан кўмак беришди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири