Қиш мавсумида кўп қаватли уйларда муаммо бўлмайди
Андижонда куз-қиш мавсумига тайёргарлик, уни беталофат ўтказиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, хусусан, вилоятдаги кўп қаватли уйларни мавсумга тайёрлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилди.
– Бу йил совуқ бирмунча эрта бошланган бўлса-да, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли эътирозига сабаб бўладиган жиддий муаммолар юзага келмади, – дейди Андижон вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Расулжон Тўланов. – Биринчи навбатда аҳоли хонадонларига табиий газ, электр энергияси, сув таъминотида узилишлар бўлмаслиги учун ҳокимликлар, сектор раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳамкорлигида зарур чоралар кўрилди. Умуман, куз-қиш мавсумини кўнгилдагидек ўтказишга қаратилган зарур барча ишлар амалга оширилди.
Бугунги кунда вилоятда 1 минг 713 та кўп қаватли уй мавжуд бўлиб, уларнинг 1 минг 512 таси 1991 йилгача, 201 таси 2016-2020 йилларда барпо этилган. Мазкур уйларга 293 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан хизмат кўрсатилади.
Кўп қаватли уйларнинг қарийб 98 фоизи, яъни 432 таси 2013-2016 йилларда, 1 минг 36 таси 2017-2019 йилларда мукаммал таъмирдан чиқарилган. Тижорат банклари томонидан 2013-2019 йиллар давомида 310 та уй-жой мулкдорлари ширкатларига 142,7 миллиард сўм миқдорида кредит ҳамда ҳудудларни ободонлаштириш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 35,7 миллиард сўм маблағ ажратилди. Натижада ана шу кўп қаватли уйларнинг қиёфаси, шарт-шароитлари тубдан яхшиланди.
Жорий йилда 77 та уйни куз-қиш мавсумига таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, 86 та уйда таъмирлаш ишлари амалга оширилди, уйлардаги мавжуд муаммолар тўла бартараф этилди.
Жумладан, мазкур уйларнинг 5 минг 352 квадрат метр том қисми таъмирланди, 38 та уйнинг ертўласи тартибга келтирилди, 90 та уйларга кириш йўлаклари таъмирланиб, темир эшиклар ўрнатилди, 35 та уйнинг фасад қисми таъмирланди, уйлар олди қисмидаги йўлакларнинг1 минг 770 квадрат метр қисми бетон қоришмаси билан қопланиб, 1 минг метр масофадаги ирригация тизимида таъмирлаш ишлари бажарилди.
[gallery-540]
Бундан ташқари, вилоят ҳокимлиги томонидан жойларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатларини ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, Андижон шаҳридаги 29 та кўп қаватли уйда таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 450 миллион сўм маблағ ажратилди, 12 та уйнинг том қисми, 29 та уйнинг ички муҳандислик тармоқлари таъмирланди, 12 та уйнинг 2 минг 300 квадрат метр йўлакчаларига брусчатка ёткизилди. Шунингдек, шаҳар ва туманларидаги кўп қаватли уйлар ҳудудларини ободонлаштириш учун 6,8 миллиард сўм бюджет маблағлари сарфланди. Натижада 28 та болалар майдончаси қурилди, 2 минг 834 метр ирригация тизими таъмирланди, 30 минг квадрат метр йўлакчаларга брусчатка ёткизилди. Кўп қаватли уйлар ҳудудидаги 506 та ташқи ёритиш тизимлари соз ҳолга келтирилди.