Қиш мавсуми талофатсиз ўтади
Бош прокурор ўринбосари Ж.Ҳотамов Бухоро вилоятида қиш мавсумини беталофат ўтказиш ва истеъмолчиларни ёқилғи-энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш юзасидан йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда ижтимоий соҳа объектларида қўшимча кўмир захираларини яратиш, қозонхона ва электр генераторларни техник кўрикдан ўтказиш, жойларда трансформатор пунктларига бўлган эҳтиёжларни ўрганиш ҳамда уларни алмаштириш, шунингдек, бозорларда нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш, озиқ-овқат захирасини яратиш ва уни сақлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, ижрога қаратилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳи томонидан Пешку ва Ромитан туманларида аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларига электр, табиий газ, кўмир ва ичимлик сувини етказиб бериш бўйича қиш мавсумига шайлик, шунингдек, бозорларда нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш, озиқ-овқат захирасини яратиш ва уни сақлаш бўйича бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганишлар ўтказилди.

Шунингдек, Бухоро шаҳрида аҳоли орасида электр энергиясини ва табиий газни иқтисод қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича кўргазмали амалий семинар ҳам ўтказилди.
Тадбирда вилоят секторлари раҳбарлари, барча тегишли корхона ва ташкилотлар вакиллари, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, маҳалла еттилиги вакиллари иштирок этди.

Семинарда вилоятда электр энергия ва табиий газни иқтисод қилиш, энерготежамкор ускуналарни кенг жорий қилиш, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларини қиш мавсумига шай ҳолатга келтириш, мавсум давомида содир бўлиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги тадбирларини янада самарали ташкил этиш ҳамда барча зарурий чораларни кўриш лозимлиги таъкидланди. Тегишли мутахассислар томонидан электр энергияси ва табиий газни етказиб бериш таҳлиллари, қуёш панелларининг афзалликлари, имтиёзлар, тадбиркорлик субъектларига бўлиб тўлаш шарти билан ҳамда аҳоли хонадонларига кредит маблағлари ҳисобидан қуёш панелларини ўрнатиш бўйича тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳи томонидан Ғиждувон ва Вобкент туманларида аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларига электр, табиий газ, кўмир ва ичимлик сувини етказиб бериш юзасидан ўрганишлар ўтказилди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири