Қиш фасли ташвишли мавсумми?
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ФВВ бошқарма бошлиғи ўринбосари Мавлонбек Досчанов иштирокида брифинг ташкил этилди.
Қайд этилишича, жорий йилда 15 ноябрдан 15 декабрга қадар республикамизда "Ёнғин хавфсизлиги ойлиги" ўтказилиши режалаштирилган.
Қиш фасли иситиш муаммоси билан боғлиқ фожиаларнинг тез-тез содир бўлиши сабабли, йилнинг энг ташвишли мавсуми ҳисобланиб, бу даврда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаслиги оқибатида ёнғинлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг рўй бериши кўпаяди.

"Ёнғин хавфсизлиги ойлиги" даврида барча туркумдаги объектларда, айниқса, кўп квартирали уйлар ва якка тартибдаги уй-жойлар, бозор, йирик савдо мажмуалари ва аҳоли кўп тўпланадиган бошқа объектларда кенг қамровли профилактик-огоҳлантирув тадбирлари амалга оширилади.
Маҳаллаларда "хонадонбай" тартибида ўтказилаётган профилактик тадбирларда аҳоли ўртасида ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш ёки ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган тушунтириш ва тарғибот ишлари янада кучайтирилади.
Шунингдек, алоҳида эътибор тунда одамлар қоладиган масканларга, шу жумладан, "Меҳрибонлик уйлари", "Мурувват" ва "Саховат" уйларига қаратилиб, мунтазам равишда кўриклар ўтказилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА