Қирғиз Республикасида “Ўзбекистон маданияти кунлари” юксак руҳ, кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди
26–29 июль кунлари Қирғиз Республикасининг Иссиқкўл вилоятида “Ўзбекистон маданияти кунлари” муваффақиятли ўтказилди.
Мазкур нуфузли маданий лойиҳа Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки қардош халқнинг кўп асрлик дўстлиги ва муштарак маданий меросини кенг тарғиб этиш йўлида муҳим қадам бўлди.

Тадбирлар доирасида Чўлпонотадаги “Рух Ордо” маданий мажмуаси ҳамда “Дордои Номад” мажмуасида гала-концертлар ташкил этилди. Ўзбекистоннинг таниқли санъаткорлари, Ўзбекистон давлат симфоник оркестри, “Тумор” ва “Навбаҳор” рақс ансамбллари иштирокидаги куй-қўшиқлар ва чиқишлар қирғиз томошабинлари томонидан илиқ кутиб олиниб, узоқ давом этган олқишларга сазовор бўлди.

Маданият кунлари давомида ўзбек миллий санъати, мумтоз ва замонавий ижод намуналари, мусиқа ва рақс санъатининг бетакрор анъаналари кенг намойиш этилди. Айниқса, Ўзбекистон ва Қирғизистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг дилбар қўшиқлари, Иссиқкўл табиати илҳом бағишлагани ҳақидаги эътирофи ҳамда қардош халқ ишончи ва эътирофига муносиб хизмат қилиш ҳақидаги сўзлари тадбирнинг энг таъсирли лаҳзаларидан бири бўлди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Ўзаро маданият кунлари, фестиваль ва форумлар, ижодий алмашинув дастурлари икки давлат ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

“Ўзбекистон маданияти кунлари” яна бир бор санъат ва маданият халқларни бир-бирига яқинлаштирувчи, қалбларни боғловчи энг кучли кўприк эканини амалда намоён этди.
Н.Усмонова,
ЎзА