Қинғир ишнинг қийиғи чиқди
Янги йил яқинлашгани сайин пиротехника воситаларини мамлакатимизга ноқонуний ва яширин равишда олиб ўтиб моддий бойлик орттириш мақсадида бўлган кимсалар ҳам минг афсуски камаймаяпти.
Бундай кимсалар тақиқланган бўлсада, пиротехника воситаларининг савдосини авж олдиришга бўлган уринишлари сабаб оммавий ахборот воситаларида ушбу мавзуга тез-тез гувоҳ бўлиб турибмиз.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда пиротехника маҳсулотларини ноқонуний айланувига қарши курашиш борасида тезкор тадбир ўтказди.
Сирдарё тумани ҳудудида ўтказилган тадбир давомида, фуқаро Исмидиёр Фаттаев (исми-шарифи ўзгартирилган) бошқарувидаги “Ласетти” русумли енгил автотранспорт воситаси олдиндан кузатувга олинди. Тошкент – Самарқанд йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган ушбу автомашина тўхтатилиб, тадбир иштирокчилари ва холислар иштирокида кўздан кечирилгач шубҳалар асосли бўлиб чиқди.
Автомашинанинг салони ҳамда юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган жами 62 минг 820 дона, тахминий қиймати 53 миллион 380 минг сўмлик, 5 турдаги пиротехника маҳсулотлари борлиги ойдинлашди ва мамлакатимизга ноқонуний йўллар билан олиб кирилган бу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Дастлабки текширув ва суриштирув жараёнида ҳайдовчи ушбу пиротехника маҳсулотларини “почта” жўнатмаси сифатида Тошкент шаҳридан юклаб, Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Даллибой Довуровга олиб бораётганлигини баён этган.
Шундан сўнг, тадбир давом эттирилиб, фуқаро Даллибой Довуровнинг шахсига аниқлик киритилди ва Самарқанд шаҳрида уни тўхтатиш чоралари таъминланди.
Инсон, айниқса болалар саломатлиги ва ҳатто ҳаёти учун хавфли бўлган шу каби пиротехника воситаларидан жабр чекиб, шифохоналарда ётиб даволанаётган, ҳатто ногирон бўлиб қолаётганлар борлигидан наҳотки улар бехабар бўлишса?
Доно халқимиз, ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деб бежизга айтмаган. Бундай нопок йўл билан ноқонуний яъни ҳаром бойлик орттириш пайида бўлаётган кимсаларга қўлланилаётган жазо чораларини кучайтириш шарт. Ўшанда улар қандай хатарли ишга қўл урганларини ҳис қила олади.
Акс ҳолда, Даллибой ва унга ўхшаган кимсалар инсон ва айниқса болалар саломатлиги учун хавф солаётган ўзларининг қинғир ишларини яна давом эттираверади. Лекин бир куни ўз фарзанди шу зорманда сабаб жароҳат олиб, боши тошга “тақ” этиб тегмагунча қўймайди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан мутасадди идора ходимлари суриштирув ишларини олиб бормоқда.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА