Қидирувдаги шахс нонвойхонадан топилди
Ҳар эр йигит ҳар қандай вазият бўлишидан қатъий назар, ўз зурриёдлари олдидаги бурчларини ҳис қилган ҳолда, болаларининг таъминотига эътиборли бўлиши даркор.
Аммо наманганлик фуқаро Б. У. бир нафар фарзанди учун алимент тўлаш масъулиятини унутиб қўйди. Гап шундаки, отанинг алиментдан қарздорлиги 41 миллион сўмга етган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси инспекторлари томонидан олиб борилган қидирув ҳаракатлари натижасида қарздор Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган нонвойхоналардан бирида эканлиги аниқланди. Шундан сўнг у давлат ижрочисига топширилди.
– Айтиш керакки, 41 миллион сўм – бу шунчаки қарз эмас. Бу фарзанднинг кундалик эҳтиёжлари, таълим-тарбияси ва келажаги учун зарур бўлган маблағдир, – дейди Бюронинг Наманган вилояти бошқармаси масъул ходими Соҳибжон Рафиқов. – Зотан, алимент мажбуриятини ўз вақтида бажариш эса ҳар бир ота-онанинг қонуний ва маънавий бурчидир.
Дарҳақиқат, Мажбурий ижро бюросининг вилоят, шаҳар, туман идоралари алимент ундирувига оид ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш, қарздорларни аниқлаш ва қонуний мажбуриятларни бажартириш бўйича тегишли чораларни изчил давом эттиради.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири