Қайнар қишлоғи тепаликлари олқишларга тўлди
Қашқадарё вилояти Китоб тумани Қайнар қишлоғидаги “Наврўз” тепаликлари кўп бора халқ сайлларига гувоҳ бўлган. Айниқса, баҳор фаслида ушбу тепаликлар ям-яшил тусга кириб лолақизғалдоқларга тўлади ва сайл кўринишида ўтказиладиган байрам ҳамда сайлларга мезбонлик қилади.
Бу гал ҳам шундай бўлди. Қайнар қишлоғи “Наврўз” тепаликлари “Инсон қадри улуғланган қомус” шиори остида ўтказилаётган байрам сайлига мезбонлик қилди. Нафақат туманнинг балки вилоятнинг барча ҳудудларидан минглаб юртдошларимиз ташриф буюрди. Сайл кўринишида ташкил этилган байрамда спорт мусобақалари, маданий чиқишлар ва турли кўргазмалар шоуни янада безади. Байрам сайли доирасида ташкил этилган кураш мусобақалари кескин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди. Унда воҳанинг 100 га яқин донгдор полвонлари турли вазн тоифасида ғолиблик учун гиламга тушди. Шиддатли ва муросасиз кечган баҳсларда бош соврин Қашқадарё фарзанди Шерали Жўраевга насиб этди.
Ғолибга вилоят ҳокими номидан туя топширилди. Бошқа томонда кўпкари мусобақаси ҳам вилоятнинг манаман деган чавандозларини бир жойга жамлади. Унда 300 га яқин чавандозлар ғолиблик учун от суришди. Якунда бош соврин туяни яккабоғлик чавандоз Юнус полвон ўзининг “Оққуш” лақабли оти билан қўлга киритди. Шундан сўнг Қайнар қишлоғи кенгликларида гала-концерт томошалари бошланди.
Марказий саҳна атрофида тўпланган юз минглаб аҳоли вакиллари элимиз ардоғидаги санъаткорлар, эстрадамизнинг ёрқин юлдузларининг ажойиб ижод намуналаридан баҳраманд бўлди. Кечгача давом этган концерт дастурида шўх куй-қўшиқлар воҳадошларни хушнуд этди. Байрам сайлида иштирок этаётган фаол ёшлардан бирини суҳбатга чорладик.
– Янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши билан давлат ўз зиммасига яна бир масъулиятни олмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг 131-Китоб округидан сайланган Қаҳрамонжон Оқилов. – У ҳам бўлса давлат ёшларни ўз ҳимоясига олиши масаласи. Ёшлар ҳуқуқлари акс этаётган алоҳида моддага кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди. Уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради. Шунингдек, давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шароитлар яратиб бериши белгиланмоқда.
[gallery-11592]
Ўқиш, муносиб иш топиш, оила қуриш, уйли бўлиш масаласи ҳар бир ёшни жиддий ўйлантирадиган, қийнайдиган масалалардан бўлиб, буларнинг барини бирданига ҳал қилиш жуда мушкул. Шу боис давлат эндиликда бу каби масалаларни ўз зиммасига олмоқда. Яъни, янгиланаётган Конституцияда ёшларнинг сифатли таълим олиши, ишга жойлашиши, уй-жойга эга бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мен сифатли таълим, фарзандларимиз келажаги учун ҳамда барча ҳудудлар сингари қишлоқ ёшларининг порлоқ истиқболи учун мазкур референдумда фаол иштирок этаман.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА