Қатарда Ўзбекистон элчихонаси очилди
Қатар ахборот агентлиги – “QNA” саҳифасида “Дохада Ўзбекистон Республикаси элчихонаси очилди” номли мақола эълон қилинди.
Яна бир давлатда асосий дипломатик ваколатхонамиз очилиши маросимида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Қатар ташқи ишлар вазирлиги Бош котиби доктор Аҳмад бин Ҳасан Ал-Ҳаммадий иштирок этди.
Энди ушбу араб давлатида ҳам юртимиз байроғи доимий ҳилпираб туради.
Вазирлар икки мамлакат раҳбарлари саъй-ҳаракати ўлароқ, ўзаро муносабат мисли кўрилмаган даражада ривожланаётганини якдил эътироф этишди. Элчихоналар эса ушбу алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Бахтиёр Саидов жорий йил май ойида Тошкентда Қатар Давлати дипломатик ваколатхонаси фаолияти йўлга қўйилганини эслаб ўтди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА