Қатар. Яна рекордлар. Севги... ва истеъфо...
Кеча жаҳон чемпионатида Аргентина Польшани 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Лионель Месси 37-дақиқада белгиланган 11 метрлик жарима тўпини дарвозага йўллай олмади. Месси мундиалда иккинчи бор шундай имкониятдан фойдалана олмаганиўйинчи сифатида тарихга кирди. Аргентина афсонаси 2018 йил Исландия дарвозасини аниқ нишонга ололмаган эди.
Икки бор 11 метрлик белгидан гол ура олмаган Гана вакили Асамоа Гьян 2006 йил Чехияга, 2010 йил Уругвайга “ён босган” эди. Шунингдек, Месси мундиалнинг бир ўйинида беш марта гол уриш вазиятини юзага келтирган “энг кекса” ҳужумчи, дея эътироф этилди. Бу борада аввалги рекордчи Диего Марадона эди. У 1994 йил шундай натижага эришган.
38-дақиқада Польша дарвозабони Войцех Шенсни Мессининг 11 метрлик нуқтадан йўллаган зарбасини қайтаришга муваффақ бўлди. Шенсни бу муваффақияти билан бир жаҳон чемпионатида икки бор муқаррар голни йўққачиқаргани билан тарих ёзилди. Илгари америкалик Брэд Фридель (2002) ва бошқа бир поляк Ян Томашевский шундай натижага эришган эди.
Польшаликлар 1986 йилдан буён илк бор плей-офф босқичига чиқди: биттадан дуранг, ғалаба ва мағлубият. Тўплар нисбатига кўра, Польша 1/8 финалда иштирок этадиган бўлди.
Сўнгги ўйинда Мексикадан 1:2 ҳисобида мағлубиятга учраган Саудия Арабистони ҳам чемпионатни тарк этади. “ЖЧ-2022” гуруҳ босқичида 14 та “сариқ карточка” олиб, араблар мундиалнинг яна бир аксил рекордини ўрнатди.
Мексика 1978 йилдан бери саккиз бор жаҳон чемпионатида қатнашиб, биринчи марта плей-оффга чиқолмай қолди.
Мексикалик ярим ҳимоячи Луис Чавес саудияликлар жарима майдони ташқарасидан туриб, тўққиз марта рақиб дарвозасини нишонга олди. Бу 26 ёшли футболчи томонидан 52 йил ичидаги жаҳон чемпионатларида қайд этилган энг яхши кўрсаткичдир. Сўнгги марта 1970 йил Чехословакия –Англия матчида Йозеф Адамец шундай натижага эришган эди.
Тунис –Франция (1:0) матчи бош ҳаками Мэттью Конгер Антуан Гризманннинг 90+8-дақиқадаги голини ўйин тугагани тўғрисидаги ҳуштак чалингандан кейин урилди, дея бекор қилди. Мутахассислар финал ҳуштагигача судья майдонда истаган қарорини чиқара олади, аммо ҳуштак чалганидан кейин қарорини ўзгартириши мумкин эмас эди, дейишди. ФИФА бу воқеани шарҳламади.
Франция дарвозабони Стив Манданда миллий жамоанинг энг ёши улуғ ўйинчиси, деб топилди. 37 ёшли Стив Тунис билан матчда дарвозани ҳимоя қилди. Африка жамоаси ғалаба қозонган бўлса-да, турнирни давом эттиролмайди.
Австралия Данияни 1:0 ҳисобида ютди. Океания жамоаси гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаб, плей-оффга чиқди.
Хавфсизлик хизмати Тунис –Франция матчида майдонга тушиб олган томошабинни қўлга олди. Амалдаги тартибни бузган безорининг қўлида Фаластин байроғи бор эди...
Хабарларда Испания тахти вориси, Қирол Филипп VI нинг қизи – испан маликаси Леонор “Барселона” ва миллий терма жамоа ярим ҳимоячиси Гавини севиб қолгани ёзиляпти. У мактабда футболчининг кўплаб суратларини ўзи билан олиб юраркан. Филипп VI Қатарга келган. У Коста-Рика устидан қозонилган ғалабадан сўнг испанияликларни табриклаб, Гавидан кичик ўлчамдаги футболкага имзо қўйиб беришини сўраган...
Мексика бош мураббийи Херардо Мартино Саудия билан матчдан кейин истеъфога чиққанини маълум қилган.
Аброр ХОН,
ЎзА