Қатар. Кейинги босқичга йўл очилди...
Кеча футбол бўйича жаҳон чемпионати гуруҳ ўйинларининг иккинчи тури якунланди. Ҳозрча уч жамоа муддатидан илгари турнирнинг 1/8 финалига чиқди. Қолган жамоалар тақдири биринчи босқичнинг охирги турига боғлиқ.
Франция Данияни (2:1), Бразилия Швейцарияни (1:0), Португалия Уругвайни (2:0) енгиб, мундиалдаги юришини давом эттирадиган бўлди.
Португалия жаҳон чемпионатларида қаторасига саккиз матчда гол уриб, жамоанинг рекордлар сериясини яна биттага оширди. 39 ёшли Пепе мундиаллар тарихидаги энг “кекса” ўйинчилар қаторидан жой олди. Пепедан аввал “ЖЧ-1994”да камерунлик Роже Милла ва Қатар мундиалида қатнашган Канада ҳимоячиси Атиба Хатчинсон шундай даражага эришган.
Бразилия икки ўйинда ҳам рақиблари дарвозага тўп киритишига йўл қўймади. Жанубий Америка жамоаси жаҳон чемпионатларининг кетма-кетма 17 матчида мағлубият аламини чекмагани тарихга ёзилди.
Кеча Гана Жанубий Кореяни 3:2 ҳисобида мағлуб этди, африкалик ярим ҳимоячи Муҳаммад Қуддус икки голга муаллифлик қилди ва Гана футболи тарихида жаҳон чемпионатларида “дубл”га эришган илк футболчи бўлди.
Франция ва “Реал” ҳужумчиси Карим Бензема “ЖЧ-2022” ўйинларига қайтиши мумкин. Аввалига унинг жароҳати жиддийлиги, бу мундиалда ўйнамаслиги эълон қилинганди. Кутилмаганда “Олтин тўп” соҳиби икки-уч кун ичида машқни бошлаши мумкин, деган умидвор хабар тарқалди.
Қатарда “майдон ташқариси”да ҳам кутилмаган воқеалар учраб турибди.
Швейцария жамоасини Бразилия билан ўйинга олиб кетаётган автобус полиция автомобили билан тўқнашиб кетди. Хайриятки, футболчилардан ҳеч бири жароҳатланмаган. Бу икки жамоа матчи давом этар экан, 44-дақиқада стадионда чироқ ўчиб қолди, ўйинчилар ва томошабинлар зимистонда қолди. Ўша пайт майдонда фақат реклама баннерлари ёниб турди.
ФИФА Ижроия қўмитаси аъзоси Эвелина Кристиллин берган баёнотга кўра, “Россия-2018” ва “Қатар-2022” мусобақаларини ўтказиш бўйича йиғилишларда ғирромликка йўл қўйилган.
“Овоз бериш жараёнида ФИФАдан фақат Ижроия қўмита иштирок этган. Натижада коррупция ҳолати юзага келиб, орага пул аралашган. Ҳаммаси конверт тарқатишдан бошланган. Бундан кейин ҳеч қачон айни ҳолат такрорланмайди. Қатар каби мамлакатларда мундиал ўтказилмайди”, дея Кристиллиндан иқтибос келтирди “Football Italia” нашри.
Таъкидланишича, ФИФАнинг собиқ президенти Йозеф Блаттер 2022 йил жаҳон чемпионати АҚШда ўтказилиши кераклигини айтган. УЕФА раҳбари Мишель Платини эса мамлакати президенти илтимосига кўра, Қатар фойдасига овоз берган. Миш-мишларга кўра, Қатар ўша пайт Франциядан бир неча миллиард долларга қирувчи самолётлар сотиб олган экан...
Аброр ХОН, ЎзА