Қатар-2022: Чорак финалда омад кимга кулади?
Бугун Қатарда давом этаётган жаҳон чемпиионати 1/4 финал босқичида Хорватия – Бразилия ва Нидерландия – Аргентина “дуэл”и бўлиб ўтади.
Мундиал ўзининг энг юқори нуқтасига яқинлашмоқда. Бошланганига 20 кун бўлган чемпионатнинг ортда қолган шиддатли баҳслари натижасида 8 жамоа бош соврин йўлида одимлаётган бўлса, 24 давлат вакиллари “Қатар-2022” кемасидан томошабинлар сафига равона қилинди.
Чемпионликка даъвогарлар сафида тилга олинган Испания, Германия, Бельгия мухлислари учун мусобақа, қайсидир маънода, маъносиз кўринишга келгандек. Бразилия, Франция, Португалия ва бошқа айрим жамоалар тарафдорлари учун эса ҳали ҳаммаси олдинда.

Таҳлилчилар бири-биридан қизиқарли тафсилотларни тақдим этмоқдаки, бу кўпчиликни мушоҳадага, мулоҳазага чорламоқда.
Хўш, сўнгги бекатгача қайси иродали ва омадли жамоалар боради?
Испанларга чиқиш йўлагини кўрсатиб қўйган Марокаш ёинки футбол ватани вакиллари – инглизлар финалгача ета олармикан?
Албатта, жамоаларнинг ички ва ташқи имкониятидан келиб чиқиб, тугал фикр юритиш иложсиз. Зеро, ўтган ўйинлар баъзи башоратлар ва тахминлар ўзини оқламаганини ҳам исботлади.

Кўпгина таҳлилчилар ҳали-ҳамон мундиалнинг асосий жамоаси сифатида Бразилияни кўрсатмоқда. Уларнинг фикрича, чорак финалда Хорватия билан рўбарў келадиган Пеле издошлари финалга қийинчиликсиз чиқади.
Иккинчи ўринда қайд этилган Франциянинг имконияти ҳам ёмон эмаслиги, жамоанинг Англия тўсиғидан ўтиши осон бўлмаслиги айтиляпти. Агар инглизлар доғда қолдирил-са, Зидан издошларига жаҳон кубоги учун йўл анча енгиллашиши тахмин қилинмоқда.
Аргентина ва Нидерландия баҳсидаги ҳолат кўп нарсани ойдинлаштириши мумкин. Яъни, бу икки жамоанинг охирги нуқтага етиб бориш имконияти атиги 20 фоиз атрофида баҳоланмоқда.
Португалия Криштиану Роналдудек футболчини захирада ушлаб ҳам ғалаба қозониш мумкинлигини кўрсатиб, жаҳон кубогига ўткир кўз тикканини яширмаяпти. Бу жамоанинг муваффақият индекси 7.50 нисбатга эга бўлган бир вазиятда, рақиб – Марокашнинг ютуғи даражаси 40 фоиз кўриниш олган.
Эслатиб ўтамиз, Марокаш – Португалия ва Англия – Франция учрашуви эртага, 10 декабрь куни бўлиб ўтади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА