Қашқадарёдаги Чим маҳалласининг тажрибасини ўрганишди
Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Чим маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш борасидаги тажриба сирдарёлик раҳбарларда катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни Чим маҳалласига ташриф буюриб, ҳудудни комплекс ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар билан танишган эди.

Давлат раҳбари ташрифи давомида эътибор қаратилган мазкур тажрибани ўрганиш ва Сирдарё вилоятида татбиқ этиш мақсадида вилоят ҳамда туман раҳбарларидан иборат делегация Чим маҳалласига ташриф буюрди.

Президентнинг 2025 йил 8 октябрдаги “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида амалга оширилаётган «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла» дастури доирасида Чимда 55 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари бажарилган. Жумладан, 240 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, 640 ўринли мактаб, маҳалла ва ёшлар марказлари, истироҳат боғи барпо этилган. Шунингдек, 4,5 километр йўл қурилиб, электр таъминоти ва суғориш тармоқлари яхшиланган.

Аҳоли даромадларини ошириш мақсадида гиламчилик ва каштачилик корхонаси, хонадонларда иссиқхоналар ташкил этилган, 200 тонна сиғимга эга совуқхона қурилган. Лимончилик кооперацияси орқали маҳсулот етиштиришдан тортиб, уни кафолатланган нархларда харид қилишгача бўлган яхлит тизим йўлга қўйилган.

Натижада 70 нафар тадбиркор ўз фаолиятини кенгайтирган, 20 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилган. Йўл бўйидаги хизмат кўрсатиш объектлари сони 31 тадан 137 тага етказилиб, 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилган.

Чим тажрибаси сирдарёлик раҳбарлар учун нафақат ўрганиш, балки ўз ҳудудларида янги ташаббусларни амалга оширишга ҳам туртки бўлди. Жумладан, Сайхунобод тумани ҳокими Комилжон Муллажонов ушбу тажрибани Бахмалсой маҳалласида татбиқ этиш бўйича режалари билан ўртоқлашди.

— Чим маҳалласи мисолида Янги Ўзбекистоннинг янгича қиёфаси ва бунёдкорлик руҳини кўрдик. Бу ердаги ҳамжиҳатлик ва амалий ишлар бизда катта таассурот қолдирди. Энди ушбу тажриба асосида Сайхунобод туманидаги ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан мураккаб маҳаллалардан бири бўлган Бахмалсойни ҳам намунавий ҳудудга айлантиришни мақсад қилганман, — дейди Комилжон Муллажонов.

Туман ҳокимининг таъкидлашича, Бахмалсойни намунавий ҳудудга айлантириш бўйича аниқ режалар белгиланган. Хусусан, янги маҳалла биноси, хизмат кўрсатиш шохобчаси, ҳаммом ва спорт мажмуаси барпо этиш, собиқ маданият саройини болалар ва ёшлар учун замонавий маскан сифатида қайта тиклаш кўзда тутилган.

Шунингдек, «Политех Сирдарё» МЧЖ томонидан тўқимачилик корхонаси ташкил этилиб, уни 2027 йил 1 январга қадар ишга тушириш режалаштирилган. Бу айниқса, хотин-қизлар ва ишсиз аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади. А-373 халқаро автомобиль йўли бўйида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, маҳалланинг кириш ва чиқиш қисмларида узум сўрилари барпо этиш, мактабни реконструкция қилиш, кўчаларни таъмирлаш, уларни ёритиш ҳамда видеокузатув камералари билан жиҳозлаш ҳам режалардан ўрин олган.

— Бундан ташқари, хитойлик инвестор билан 1,5 миллион бош паррандага мўлжалланган паррандачилик мажмуасини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб боряпмиз. Лойиҳа амалга ошса, хонадонларда бройлер парранда ва тухум етиштиришни кооперация асосида йўлга қўйиш имконияти пайдо бўлади. Асосий мақсадим — 2027 йилнинг биринчи ярмига қадар Бахмалсойда ишсизлик ва камбағалликни бартараф этиб, уни нафақат вилоятимизда, балки республикада ҳам намуна бўладиган маҳаллага айлантириш, — дейди Комилжон Муллажонов.

Чим тажрибаси маҳалла тараққиёти фақат янги бинолар қуриш ва кўчаларни ободонлаштириш билан эмас, балки аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик имкониятларини кенгайтириш ва хонадонлар даромадини ошириш билан ҳам белгиланишини кўрсатмоқда. Бахмалсойда белгиланган режаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши эса мазкур ёндашувнинг Сирдарёдаги амалий ифодаси бўлиши кутилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири