Қашқадарёда жазони ижро этиш муассасаларида шароит ва “иккинчи имконият” ўрганилди
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш фақат унинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишининг олдини олиш билан чекланмайди. Айниқса, жазони ўтаётган шахсларнинг муносиб шароитда сақланиши, тиббий хизматдан фойдаланиши, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва жамиятга қайта мослашиши учун зарур имкониятларни яратиш ҳам муҳим. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан Қашқадарё вилоятида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларда ўтказилган мониторинг ташрифлари давомида ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўтказилган мониторингларда Омбудсман ҳузуридаги қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолларининг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳи аъзолари ҳам иштирок этди.
Мониторингнинг биринчи куни Муборак туманидаги 33-сон манзил-колонияси, Косон туманидаги 10-сон жазони ижро этиш колонияси, Косон тумани Ички ишлар бўлимининг вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ҳамда Қарши шаҳридаги 5-сон тергов ҳибсхонасидаги шароитлар ўрганилди.
Мониторинг Қарши шаҳридаги 35-сон манзил-колониясида давом эттирилиб, 3 ва 2-сон жазони ижро этиш колониялари ҳамда Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия хизмати бўйича Қашқадарё вилояти филиалидаги шароитлар кўздан кечирилди.
Ташрифлар давомида муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш ва овқатланиш шароитлари, тиббий хизматдан фойдаланиши, меҳнатга жалб этилиши, яқинлари билан учрашуви ва телефон орқали мулоқот қилиш ҳуқуқлари, санитария-гигиена ҳолати ҳамда видеокузатув воситаларининг ишлаши ўрганилди.
Шунингдек, муассасаларга жойлаштирилган “Омбудсман қути”лари кўздан кечирилиб, сақланаётган шахслар билан муассаса ходимларининг иштирокисиз якка тартибда ва жамоавий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг мурожаатлари эшитилиб, ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ масалалар ўрганилди.
Бироқ инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг яна бир муҳим жиҳати бор. Бу - шахсга ўз ҳаётини қайтадан йўлга қўйиш, жамиятга мослашиш ва ҳалол меҳнат орқали муносиб ўрин топиш имконини бериш.
Шу маънода, давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббус асосида жорий этилган “Иккинчи имкон” ижтимоий реабилитация миллий лойиҳаси алоҳида аҳамият касб этади.
Вилоятдаги жазони ижро этиш муассасаларида “Иккинчи имкон” лойиҳасини самарали амалга ошириш учун зарур ташкилий шароитлар яратилган. Ўқув машғулотлари ўтказиладиган хоналар замонавий талаблар асосида жиҳозланиб, санитария меъёрларига жавоб берадиган хоналар ажратилган.
Мониторинг давомида ёшларнинг таълим олиши учун яратилган шароитлар ҳам ўрганилди. Кузатувлар таълим жараёнига жалб этилган ёшларнинг машғулотларга қизиқиши юқори эканини кўрсатмоқда. Улар янги касбларни ўзлаштириш, хорижий тилларни ўрганишга интилиб, келажакдаги ҳаёти ҳақида аниқ режалар тузмоқда.
Бу жараённинг аҳамияти шундаки, жазони ўтаб бўлганидан кейин инсоннинг олдида яна бир муҳим синов – жамиятга қайта мослашиш жараёни туради. Қўлида касби, билим ва меҳнат қилиш кўникмаси бор шахс учун эса бу йўл бир қадар бошқача кечиши мумкин.
Шу боис “Иккинчи имкон” лойиҳасини фақат касб ўргатиш дастури сифатида эмас, балки ёшларнинг келажак ҳаётига тайёргарлик кўришига хизмат қиладиган ижтимоий реабилитация воситаси сифатида ҳам баҳолаш мумкин.
Мониторинг якунлари бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва сақланаётган шахслар учун муносиб шароитларни таъминлаш юзасидан тегишли ташкилотларга Омбудсманнинг таъсир чоралари киритилади.
Қайд этиш жоизки, Қарши шаҳар вақтинча сақлаш ҳибсхонаси биносини капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш масаласи ҳам аввалги мониторинг натижалари асосида кўтарилган. Омбудсманнинг илгариги тавсиясига мувофиқ, 2026 йилда Ички ишлар вазирлиги томонидан тегишли дастур тасдиқланган. Унга кўра, мазкур объектни таъмирлаш ва реконструкция қилиш учун 2 миллиард 376 миллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган.
Маълумот ўрнида, 2026 йилнинг биринчи ярмида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари томонидан республика бўйлаб ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари натижалари юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга тақдимнома, талабнома ва хулоса шаклида жами 23 та таъсир чораси киритилган.
Инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг моҳияти ҳам шунда – мавжуд муаммони аниқлаш, уни бартараф этиш ва инсонга ўз ҳаётини тўғри йўлга солиши учун зарур шароит яратиш. “Иккинчи имкон” лойиҳаси эса ана шу ёндашувнинг ёшлар ҳаётидаги амалий ифодаларидан бири бўлмоқда.
[gallery-31517]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА