Қашқадарёда жайронлар қўлга ўргатилмоқда
Жайронлар текис ёки паст- баланд чўллар, яримчўл ва қир- адирлар, чўллашган тоғолди ҳудудларида асосан шағалли, сертупроқ ерларда яшашни афзал кўради. Қишда эса ўнқир- чўнқир рельефли жойларда, ясси текислик дараларида ва чуқурликлардан паноҳ топади. Инсониятнинг табиатга тажовузи ва тинимсиз овлангани боис бугун ушбу беғубор ҳайвонлар қирилиб кетиш арафасида. Шу боис жайронлар Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган. Бугунги кунда улар фақатгина махсус питомник ва қўриқхоналардагина сақланиб қолган.
Табиатан жуда ҳаракатчан, тезкор, бир деганда кўздан ғойиб бўладиган жайронларнинг қўлга ўргатилганини кўрганимисиз? Қашқадарё вилояти ўрмон хўжалигининг Миришкор туманидаги Жейнов бўлимида жайронлар қўлга ўргатилиб, кўпайтирилаётгани ҳақидаги хабар рости бизни ҳам қизиқтириб қўйди.
Манзил сари борар эканмиз, аввалига бийдай чўл ўраб турган ҳудудда қалин ўрмонзор борлигига, тағин у ерда жайронлар боқилаётганига шубҳа қилдик. Аммо етиб борганимизда шубҳадан асар ҳам қолмади. Инсоннинг қўли гул эканига амин бўлдик. Қўл кучи билан йиллар давомида яратилган бу ўрмонзор қарийб 125 гектар майдонни эгаллаган.
Бу ерда ўрмон хўжалиги бўлими ташкил этилгандан буён меҳнат қилиб келаётган Мўқимбой Оллобердиевнинг хизматлари беқиёс.
[gallery-20188]
– Қашқадарё ўрмон хўжалигига қарашли Жейнов бўлими Миришкор туманида жойлашган. Ҳозирги кунда 596 гектар ер майдони бўлиб, шундан 210 гектар ер суғориладиган майдон, 11 гектари кўчатхона. Қолган ерлар ўрмон билан қопланган. Ҳозирги кунда тут, қайрағоч, ясин, сафора, арча каби 24 хил кўчат турларини етиштиряпмиз, – дейди Муқимбой Оллобердиев. – Шу хўжаликда ишлаётганимга 32 йил бўлди. Шу йиллар давомида қўл кучи билан экканмиз бу дарахтларни. Бугунги кунга келиб мўъжазгина ўрмонзорга айланди.
Муқимбой ака табиат шайдоси, фидойиси, ўзи бошчилик қилиб яратилган ўрмоннинг ҳайвонот дунёсини ҳам тиклашни орзу қилади. Ўрмон дегани ўзининг ёввойи ҳайвонлари, турли хил қушлари ва бошқа жониворлари билан тўкис бўлади, дейди у. Шу боис айнан шу ерда ёввойи табиат ва инсонлар ўртасида боғланган меҳр риштасини бутун борлигича ҳис қилиш мумкин. Аксарият ҳолларда ойнаи жаҳондагина кўришимиз мумкин бўлган ҳайвон ва паррандалар шундоқ атрофингизда. Аввалига бегонасираб турган жайронлар сал туриб емак илинжида ёнимизга келиб қўлимизга тумшуқ тутади.
– Ҳайвонларга қизиқишим болаликдан, – дейди М.Оллобердиев. – Бундан етти йил олдин ўрмоннинг 50 сотих жойини ўраб, икки бош жайронни келтирдик. Сабаби биз яшаб турган ҳудуддаги саксовул ва чангалзорларда бир пайтлар бошқа ҳайвонлар каби жайронлар ҳам яшаган. Шунинг учун бу ернинг табиати уларга бегона эмас. Яхши мослашди. Озуқасини қўлда берганимиз боис одамга ўрганиб ҳам қолди. Ўтган вақт мобайнида уларнинг сони 12 бошга етди. Бу йил яна 5 боши туғиши керак. Кўпайса, уларнинг сони 24-25 бошга етади. Эндиликда уларга каттароқ жой қилиб, шароитларини тўғрилашимиз керак. Жайронларни боқиш биз учун ҳам янгилик бўлгани учун 7 йил давомида унинг яшаш тарзи, мослашувчанлиги ва бошқа-бошқа хусусиятларини ўргандик. Изланишларимиз зое кетмади. Улар секин-аста кўпая бошлади.
Жайронларни яхши билган мутахассисларнинг айтишича, янги туғилган жайрон боласи кўпи билан ярим соатда оёққа туриб онасини эмади ва шу дақиқадан бошлаб у қувиб етиб бўлмайдиган даражада тез чопа олади. Танасининг узунлиги ўртача 94 см. дан 115 см. гача бўлиб, бўйи 60 см. дан 65 см.гачани ташкил қилади, оғирлиги эса тахминан 25 кг. дан 30 кг. гача бўлади. Урғочиси шохсиз. Эркагининг шохи қора, йўғон ва бўғимли, узунлиги 40 см. гача бўлади. Кўпчилик жайронлар оч жигар рангда бўлишади. Пастки томони эса ҳар доим оқ рангда бўлади. Юзидаги қашқаси эса ҳали балоғатга етмаган ҳайвонларда аниқ кўринади. Жайронлар қуруқликдаги энг тезкор югурувчи ҳайвонлар сирасига киради. Улар бирор бир йиртқич ҳайвондан қочаётган пайти соатига 70 км тезликка эриша олиши мумкин.
– Бу ер чўл ҳудуд бўлишига қарамай ёввойи табиатнинг бир парчасини яратишга ҳаракат қиляпмиз, – дейди Миришкор туман давлат ўрмон хўжалиги раҳбари Фазлиддин Тошев. – Йўқолиб кетаётган ўрмонлар, унинг ҳайвонот дунёси ҳамма учун қизиқ ва мароқли. Бунда туризмни ривожлантириш мақсадлари ҳам кўзда тутилган. Бу ерга ташриф буюрувчи меҳмонлар ёввойи ҳайвонларни томоша қилиб, мароқли ҳордик чиқаришади.
Мўъжазгина “питомникда” нафақат жайронлар, балки сесарка, қирғовул, каклик каби қушларни ҳам кўриш мумкин. Улар ҳам парваришланмоқда.
– Алоҳида ўзимизнинг қуёнчилигимиз, асаларичилигимиз, кўркачилигимиз ҳам бор, – дейди М.Оллобердиев. – Улар бошқа жойда. Махсус иссиққхона қуриб, турли хил гул кўчатлари ҳам етиштиряпмиз. Хўжаликда 16 нафар ходим ишлайди. Ҳозир айни уруғларни йиғиш мавсуми. Гул ва манзарали дарахтлар уруғлари териб олиниб, экиш учун тайёрланади.
Озроқ ичкариласангиз, сизни қалин дарахтзор қарши олади. Сарғайган япроқлар кузнинг олтин тароватини янада файзли қилиб, қалбингиз хотиржам тортганини сезгандай бўласиз. Ортга қайтарканмиз, бу ерда ўтказган қисқа фурсатларда бутун вужудимиз табиат билан уйғунлашиб кетганини ҳис қилдик. Ушбу сўлим гўшани бежизга “чўл жавоҳири” дейишмаслигини яна бир бор англаб етдик.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/24qNiPQLh48?si=FyJbAMlE0ozbK6om" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов, (сурат),
ЎзА мухбирлари