Қашқадарёда яна эшак сўйганлар аниқланди
Бугун ижтимоий тармоқларда “Қашқадарёда эшак сўйиб сотаётган “эшаклар” аниқланди” номли хабар тарқалди.
Ушбу хабар юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.
Муносабатда таъкидланишича, жорий йилнинг 10 март куни Косон туман ИИБ ходимлари томонидан туманнинг “Пахтазор” МФЙда яшовчи фуқаро Б.С.нинг хонадонидаги хўжалик хоналари кўздан кечирилганида бир бош эшакни сўйиб, гўштини суякларидан ажратиб қўйганлиги, ҳовлисида эса яна 24 бош эшак борлиги аниқланган.
Фуқаро Б.С.нинг яшаш хонадонидаги хўжалик хонасида бўлган 1 бош эшакнинг лаҳм гўштлари тегишли тартибда вилоят ИИБ ЖТСБ Карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаси, туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ходимлари томонидан холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.
Косон туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан ашёвий далил сифатида олинган гўшт маҳсулотлари лабораторияда текширилганда истеъмолга яроқсиз эканлиги маълум бўлган. Гўшт маҳсулотлари холислар иштирокида йўқ қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Косон туман ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда, кейинги пайтларда вилоятда эшак сўйиб гўштини сотаётган охиратини ўйламаган, нафс йўлида виждонини сотаётган кимсалар ҳақидаги хабарлар тез-тез тарқала бошлади. Нега? Демак ушбу “маҳсулот”га яширин бўлса-да талаб бор. Ҳақли савол туғилади хўш, ушбу гўштлар қаерларга жўнатилади? Нимага ишлатилади? Ички ишлар органларининг расмий саҳифаларида берилаётган муносабатларда фақатгина айбдорнинг ушлангани ва тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани таъкидланади, лекин ундан кейинги воқеалар тўғрироғи ушбу “маҳсулот”нинг харидорлари ҳақида бирор маълумот берилмайди. Шу маълумотлар ҳам оммага очиқланса, бу каби жиноятлар камайган бўлармиди... Вилоят ички ишлар бошқармасидан ушбу ҳолат бўйича аниқланган бошқа муҳим маълумотларни ҳам кутиб қоламиз.
Ўлмас Баротов, ЎзА