Қашқадарёда “Турон” мактаб театри республика танлови ғолиблари аниқланди
Ўқувчи ёшларнинг санъат йўналишидаги қобилиятларини намоён қилишига имкон берадиган, анъанавий равишда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиб келинаётган “Турон” мактаб театри республика танловининг Қашқадарё вилоят босқичи ҳам кўплаб истеъдод эгаларини кашф этди, дейиш мумкин.
Қарши шаҳридаги вилоят мусиқали драма театрида ташкил этилган танловда туман босқичларида юқори натижа қайд этиб, ғолибликни қўлга киритган вилоятнинг 16 та туманидан жами 16 та жамоа “Турон” мактаб театри республика танловининг вилоят босқичида иштирок этди.
– “Турон” мактаб театри танловининг Қашқадарё вилоят ҳудудий босқичида 16 та шаҳар туманларимиздан жами 120 нафарга яқин ўқувчиларимиз иштирок этди, – дейди Қашқадарё вилоят “Келажак маркази” директори Гулруҳ Холмуродова. – Биламизки, театр санъати инсон қалбининг энг нозик нуқталарига етиб борувчи санъат турларидан бири ҳисобланади ва унда халқимизнинг қадриятлари, урф-одатлари ва яшаш тарзи ўз аксини топади. Ҳозирда Қашқадарё вилоятининг энг истеъдодли, билимли ўқувчилари ушбу санъат орқали ўз иқтидорларини саҳнада намоён этмоқда. Бугунги кунда ўқувчиларимиз нафақат даврнинг долзарб мавзуларини кўтариб чиқмоқда, шу билан бир қаторда улар ўтмишга назар солиб ота-боболаримиз яшаб ўтган ҳаёт тарзини намойиш этмоқда.
Танлов юқори савияда ташкил этилиб, унда иштирок этган жамоалар саҳнада ўз иқтидор ва маҳоратларини намоён этди. Ҳар бир чиқишда ёшларнинг ижодкорлиги, саҳна маданияти ҳамда актёрлик қобилиятлари яққол кўзга ташланди.
[gallery-28662]
Якуний натижаларга кўра, 1-ўрин Қарши туманидаги 71-мактаб жамоасига насиб ўтди. Касби тумани 16-мактаб жамоаси 2-ўрин, Қарши шаҳар 5-мактаб жамоаси эса 3-ўринга муносиб кўрилди.
– Саҳнага чиқиш навбати биринчи бизга берилгани учун озгина ҳаяжон бўлди, натижаларимиз яхши бўлди, – дейди ғолиб жамоа сардори Шаҳризода Дўстмуродова. – Чиқишларимизда бугунги телефон ва виртуал дунёга муккасидан кетган, аммо билим борасида катта юқотишларга учраётганини билмаётган ёшлар ҳаётини, шунингдек китобга меҳр қўйган, дунёвий билимларни эгаллашга интилаётган ёшлар образларини бир-бирига қиёслашга ҳаракат қилганмиз. Эндиги мақсадимиз танловнинг республика босқичида ҳам муносиб иштирок этиб. Ғолиблар сафида бўлиш ва Германия сафарига бориш.
Танлов якунида ғолиб ва фаол иштирокчилар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари.