Қашқадарёда Наврўз сайиллари давом этмоқда
Бутун борлиқда баҳор нафаси кезиб юрган айни чоғларда ҳудудларда Наврўз умумхалқ байрами тантаналари ҳамон давом этмоқда.
Мана шундай кўтаринки руҳда ташкил этилган Наврўз сайли Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида жойлашган “Деҳқонобод калий заводи”да ҳам бўлиб ўтди.
Эрта тонгдан меҳмонларга қадимий анъаналарга хос миллийлик билан безатилган ўтовлар, сумалак сайли, миллий либослар кўргазмаси, бахшилар айтишуви, ота-бобларимиздан бизгача сақланиб келаётган лапарлар айтиш танлови каби ажойиб чиқишлар намойиш этилди. Дошқозонларда дамланган ош тарқатилди.


Байрам муносабати билан жамиятда фаолият юритаётган
8 нафар эҳтиёжманд оила, боқувчисини йўқотган, ёлғиз оналарнинг фарзандларини суннат тўйлари ўтказиб берилди. Тўй болаларга зар чопонлар кийгизилиб, совғалар тақдим этилди.

Миллий кураш, мини футбол, стол тенниси, волейбол, арқон тортиш, шахмат-шашка, тош кўтариш каби мусобақаларнинг ташкил этилгани барчада катта таассурот қолдирди. Беллашувларда ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Маълумот ўрнида “Деҳқонобод калий заводи”да бугунги кунда 2 мингдан ортиқ ишчи-ҳодим фаолият олиб бормоқда. Мазкур саноат корхонаси Марказий Осиёда ягона калийли ўғитлар ишлаб чиқарувчи корхона сифатида фаолият юритиб келмоқда. Кўрсаткичларга назар ташлайдиган бўлсак, 2020 йилда пандемия ҳолати бўлишига қарамасдан, 1 213 минг тонна сильвинит рудаси қазиб олиниб, 294 минг тонна халқаро талабларга жавоб берадиган калий хлорид минерал ўғити ишлаб чиқарилди ва маҳсулотнинг 235 минг тоннаси 10 дан зиёд хорижий мамлакатларга экспорт қилинди.
Ў.Баротов,
ЎзА