Қашқадарёда картошка етиштириш бўйича йирик лойиҳа амалга оширилмоқда
Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва сифатли уруғлик картошка етиштиришга қаратилган йирик лойиҳанинг навбатдаги босқичи бошланди. Бу ҳақда Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Вилоят ҳокими Муротжон Азимов, масъул раҳбарлар ҳамда меҳнат фахрийлари иштирокида туманнинг Туркманистон билан чегарадош ҳудудида 400 гектар майдонга Голландиядан келтирилган юқори сифатли, элита авлодли картошка уруғларини экиш ишларига старт берилди.
Тадбирда таъкидланганидек, мазкур ташаббус мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ички бозорни сифатли картошка маҳсулотлари ва уруғлик билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Лойиҳа доирасида замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш орқали ҳосилдорликни ошириш ва қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтириш кўзда тутилган.

Шу куни лойиҳани амалга оширишда фаол иштирок этаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари вилоят ҳокимлиги томонидан тақдирланди. Уларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Ҳудудда ишларни ташкил этиш жараёни ҳам кўздан кечирилди. Хусусан, Австриянинг “BAUER” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган замонавий айланма ёмғирлатиб суғориш тизимларидан 6 таси ишга туширилган. Лойиҳа якунига қадар бундай тизимлар сонини 16 тага етказиш режалаштирилган.

Шунингдек, сувни насослар орқали етказиб бериш учун зарур қувурлар тортилган, 50 минг куб метр сиғимга эга сув сақлаш иншооти барпо этилган. Ер майдонларини экишга тайёрлаш ва электр таъминотини йўлга қўйиш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.
Айни пайтда ҳудудда 2 минг 600 гектар ер майдони ўзлаштирилган. Картошка етиштириш лойиҳасининг умумий қиймати 30 миллиард сўмни ташкил этади. Унинг натижасида 10 минг тонна уруғлик картошка захирасини яратиш кўзда тутилган.

Лойиҳа доирасида музлаткич омборлари барпо этиш, чорвачилик фермасини ташкил қилиш каби йўналишларда ҳам ишлар босқичма-босқич амалга оширилади. Эътиборлиси, ташаббус натижасида 500 та янги доимий иш ўрни яратилиб, ҳудуд аҳолисининг бандлиги ва даромадларини оширишга ҳам хизмат қилади.
Мутахассисларнинг қайд этишича, замонавий суғориш технологиялари, сифатли уруғлик ва илғор агротехник ёндашувларни уйғунлаштириш ушбу ҳудудда картошка етиштириш самарадорлигини сезиларли ошириш имконини беради.
Маълумот ўрнида: 2022 йилда вилоятнинг Шаҳрисабз туманидаги Ғелон, Кўл, Сарчашма, Сайёд ҳамда Ҳисорак маҳаллаларида ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлаш мақсадида узоқ тоғли ҳудуддаги Тамшуш дарёсидан қарийб 13 километр масофага сув олиб келиниб, 3 минг гектардан ортиқ лалми ер майдонлари ўзлаштирилиб, картошка етиштириш йўлга қўйилган эди.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири