Қашқадарёда IT соҳаси янада ривожланади
Қашқадарёда IT соҳасида фаолият юритмоқчи бўлган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида илк бор вилоят ҳокими соврини учун “Ideathon” кўрик-танлови ўтказилди. Унга 212 нафар иқтидорли ёшларнинг ишланмаларидан 100 таси танлаб олинган. Шундан 15 нафар иштирокчининг лойиҳалари муносиб деб топилган.
Танлов ғолиблари Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов ва сектор раҳбарлари иштирокида тақдирланди. Ғолиб ва номинациялар эгалари вилоят ҳокимлигининг статуэтка, сертификат ва совғалари билан тақдирланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йилнинг ноябрь ойида IT шаҳарчаси қурилишига илк тамал тоши қўйилган эди. Мана орадан 3 йил ўтиб, ушбу қисқа вақт мобайнида соҳа бўйича нафақат Республикада, балки чекка ва олис ҳудудларда ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, вилоятнинг 15 та шаҳар ва туманларида Рақамли технологиялар ўқув марказлари очилиб, чекка ҳудудларда яшовчи ёшларга ҳам IT соҳасида билим олишлари учун имконият яратилди. Ушбу марказларда 13 мингдан ортиқ тингловчилар ўқитилган бўлса, шундан 80 фоизи ёшлардир.
Вилоят раҳбари ғолиб ёшларни тақдирлар экан, ёшларга ўрнак сифатида – IT соҳаси бўйича ўқиб, ҳаётда ўз йўли ва ўрнини топган китоблик оддий оила фарзанди Алишер Тожиев ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
[gallery-10073]
Таъкидлаш лозимки, Алишер Тожиев ҳали 30 ёшга тўлмаган. Лекин, мамлакатимизда энг нуфузли давлат идоралари сайтларини яратган. Ҳозирги кунда IT соҳаси бўйича ўзининг компаниясига эга. Йиллик айланма маблағи 10 миллион доллардан зиёд. 500 нафар ёшлар қўлида ишлайди.
– Келгуси йилдан бошлаб вилоятдаги барча олий таълим муассасалари томонидан ҳар ойда камида 5 тадан стартапларни инкубация ва акселерация дастурига тақдим этиб боришни жорий қиламиз, – деди вилоят раҳбари. – Сифатли ишлаб чиқилган ва истиқболли лойиҳалар танлаб олиниб, молиялаштирилади ва ҳаётга татбиқ этилади. Бу тизимни шахсан ректорларнинг ўзлари назорат қилиб боради. 2022 йилда 26 та истиқболли стартап лойиҳалар ишлаб чиқилди. Улардан 7 тасига 913 миллион сўм маблағ ажратилди. Келажакда жамиятдаги долзарб муаммоларга ечим бўладиган инновацион, IT билан интеграциялашган стартап лойиҳаларни молиялаштириш давом эттирилади. Бугунги танловда ғолиб топилган лойиҳалар билан ўзим бирма-бир танишиб чиқдим. Иштирокчилар долзарб муаммоларни кўтарган. Лекин муаммонинг ичига янаям чуқурроқ киришимиз керак, стартапларни ҳаётга татбиқ этишда камчиликлар бор. Келгуси йил шу каби танлов ва истиқболли стартап лойиҳаларни реализациясига 500 миллион сўм маблағ ажратаман.
Жорий йил бошида IT-Паркнинг резидентлари сони бор йўғи 3 та бўлган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 21 тага етди. Энг қувонарлиси, вилоятда халқаро экспорт билан шуғулланувчи компаниялар сони 3 тага етди. Мисол учун, “MAAB Innovetion” МЧЖ томонидан хорижга хизматларни аутсорсинг қилиш орқали 20 минг доллар экспорт қилинди.
Вилоятда ҳақиқий IT атмосферасини яратиш мақсадида Қарши шаҳрининг маркази IT-Парк филиали биноси янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, Қарши шаҳар телеком тармоғи биносида 1,5 миллиард сўм инвестиция киритилиб, замонавий, масофавий хизматлар экспорт маркази барпо этилмоқда.
Вилоят раҳбарининг таъкидлашича, 2023-2024 йилларда вилоятда босқичма-босқич, IT-school, BPO-school, IT-академия ва IT-университетларни ўзида қамраб олган қиймати 15 миллиард сўм бўлган IT-кластер ташкил қилинади. Бу кластерда 2,5 минг нафардан ортиқ ёшлар ахборот технологиялари, аниқ фанлар, логистика, аутсорсинг ва чет тилларидан 130 нафардан ортиқ энг малакали дастурчилардан таҳсил олади.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.