Қашқадарёда долзарб 30 кун тадбирлари
Қашқадарё вилояти ҳудудида ўтказилаётган “Долзарб-30 кун” тадбирига жами 684 нафар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва тааллуқли вазирлик ва идоралар вакиллари жалб этилган.
Олиб борилган профилактик тадбирлар давомида 133 давлат тасарруфидаги объектларнинг ёнғинга қарши ҳолати текширувдан ўтказилди. 142 тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган объектларда ёнғин-профилактика кўриклари ўтказилди. Текширув ва кўриклар давомида 2200 ёнғинга қарши камчиликлар аниқланиб, кўрилган чора-тадбирлар натижасида 85 фоизи бартараф этилди.
Объектларда ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига риоя қилиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида 259 маротаба 7113 нафар ишчи-хизматчиларга ёнғинга қарши йўл-йўриқ берилиб, профилактик суҳбат ўтказилди. Шу билан бирга, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган ёки давлат ёнғин назорати органларининг ёзма кўрсатмаларини бажармаётган 92 нафар раҳбар, жавобгар шахс ва фуқароларга нисбатан 10 миллион 704 минг сўм миқдорида маъмурий чоралар кўрилиб, зудлик билан бартараф этилмаслиги ёнғин содир бўлишига олиб келиши мумкин бўлган 16 бино ва иншоотларнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилган. 312 носоз электр ускуна, мослама ва агрегатлардан фойдаланиш тақиқланди.
Ёнғин-қутқарув қисмлари шахсий таркиби томонидан фавқулодда вазият ёки ёнғин содир бўлганда тўғри ҳаракатланиш тартиби ва қутқарув ишларини ташкил этиш бўйича 17 маротаба ёнғин ўчириш амалий тактик машқ ва 10 маротаба одамлар оммавий йиғиладиган масканларда ёнғин қутқарув техникалари ва воситалари намойиш этилди. Ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларини тарғиб қилувчи эслатма, йўриқнома ва плакатлар тарқатилди.
Булардан ташқари, вилоят ҳудудида мавжуд ўта муҳим давлат аҳамиятига молик объектларда профилактик тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 29 ўта муҳим ва тоифаланган объектлардаги 86 бўлим, бўлинма, кон ва шахталарда объектларнинг ёнғинга қарши ҳолати текширилди. 32 объектда ёнғин-профилактика кўриклари ўтказилди. Олиб борилган текширув ва ўрганишлар давомида 211 ёнғинга қарши камчиликлар аниқланиб бартараф этилди.
Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузаётган ёки давлат ёнғин назорати органларининг ёзма кўрсатмаларини бажармаётган 17 нафар раҳбар, жавобгар шахслар ва фуқароларга нисбатан 25 миллион 460 минг сўм миқдорида маъмурий чора кўрилган. Зудлик билан бартараф этилмаслиги ёнғин содир бўлишига олиб келиши мумкин бўлган 4 бино ва иншоотларнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. 56 носоз электр ускуна, мослама ва агрегатлардан фойдаланиш тақиқланди.
[gallery-12871]
Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда тузилган кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати аъзолари ва 481 нафар ишчи-хизматчилар иштирокида 83 маротаба ёнғинга қарши машғулотлар ўтказилди. Булардан ташқари, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги мавжуд муаммо, камчилик ва нуқсонлар юзасидан вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, юқори турувчи ва бошқа тааллуқли идораларга 49 маротаба ахборотнома ва 20 маротаба тақдимномалар киритилди.
Хусусан, вилоятимизнинг олис тоғли ҳудудларидан бири бўлган Шаҳрисабз туманининг “Ҳисорак” маҳалла фуқаролари йиғинида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида мутахассислар томонидан муҳим тарғибот тадбирини ўтказилди. Туман марказидан 55 километр узоқликда жойлашган “Ҳисорак” маҳалласида 7 қишлоқ мавжуд бўлиб, унда 1196 аҳоли яшаш хонадонлари бор, умумий аҳоли сони 4584 нафарни ташкил этади.
Маълумки, ушбу тоғли ҳудуд туман марказидан олисда, ёнғин содир бўлганда эса қутқарувчиларнинг тезкорликда етиб бориши имконсиз, айни шу мақсадда маҳаллада кўнгилли фуқаролардан иборат ёнғин ўчириш гуруҳи (дружина хизмати) ташкил қилинди. Мутахассислар томонидан кўнгилли ёнғин ўчириш гуруҳининг вазифаларини тушунтириш мақсадида амалий ўқув машғулоти ўтказилди.
Қолаверса, тегишли хизматлар билан ҳамкорликда аҳоли яшаш хонадонларида уйма-уй юриб профилактик тадбирлар ўтказилди, фуқароларга электр ва газ ускуналаридан фойдаланишда уларнинг созлигига, биринчи галда, совитиш кондиционерлари ва шу каби бошқа маиший электр жиҳозлардан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига
қатъий амал қилишга эътибор қаратилиши тушунтирилди.
Маҳалла ҳудудида жойлашган касб-ҳунар мактабида эса барча маҳалла фаоллари жам бўлди. Соҳа мутахассислари томонидан ёз мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар тўғрисида кўргазмали тарзда тушунчалар берилди. Видеороликлар намойиш этилди, махсус ишлаб чиқилган эслатма ва буклетлар тарқатилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА.