Қашқадарёда бунёдкорлик ва янгиланишлар кўлами ошмоқда
Ташрифдан ташрифгача
Қашқадарё бугун катта ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда. Бир вақтлар ободонлаштиришга эҳтиёж сезилган маҳаллаларда замонавий инфратузилма шаклланмоқда, қишлоқларга ичимлик суви кириб бормоқда, шаҳарларда жамоат транспорти тизими янгиланиб, аҳоли ва сайёҳлар учун янги масканлар барпо этилмоқда. Бу жараёнларнинг аҳамияти фақат қурилган бинолар ёки ўзлаштирилган маблағларда эмас, балки одамларнинг кундалик ҳаётида юз бераётган ўзгаришларда намоён бўлмоқда. Президентнинг вилоятга ташрифлари давомида белгиланган вазифалар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурлар ва маҳаллий ташаббуслар бунёдкорлик ишларининг муҳим омили бўлмоқда. Ташрифдан ташрифгача бўлган давр эса режаларнинг қай даражада амалий натижага айланаётганини кўрсатади.
Бунёдкорлик ишларининг энг муҳим йўналишларидан бири маҳаллаларни комплекс ривожлантириш, одамлар учун қулай яшаш муҳитини яратишдан иборат. Бу борада Қамаши туманидаги Чим ва Шаҳрисабз туманидаги Мевазор маҳаллаларида амалга оширилаётган ишлар эътиборга лойиқ.
Чим маҳалласидаги ўзгаришлар алоҳида бинолар қуриш ёки кўчаларни таъмирлаш билан чекланмайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-298-сон қарори асосида амалга оширилаётган “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” дастури доирасида ҳудуднинг муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий объектлари ва тадбиркорлик инфратузилмасини биргаликда ривожлантиришга эътибор қаратилган.
Дастлаб шаҳарсозлик талабларига жавоб бермайдиган 78 та хонадон атрофи тартибга келтирилди. Қарши – Чим – Шаҳрисабз автомобиль йўли бўйидаги 17 та, Чинорли ва Ўрта Чим кўчаларидаги 59 та хонадон қайта қурилди ва таъмирланди. Уларнинг 14 тасида тижорат банклари кўмагида қурилиш ишлари олиб борилди.
Инфратузилмани янгилаш доирасида икки километр автомобиль йўли асфальтлаштирилди, шунча масофада пиёдалар йўлаклари ва тунги ёритиш тизими барпо этилди, икки дона 250 кВА қувватли трансформатор, 220 та темир-бетон устун ҳамда 8,4 километр электр тармоғи қурилди. Иккита артезиан қудуғи қазилди, уч километр ариқни бетонлаш ва лотоклар ўрнатиш ишлари бажарилди.
Ижтимоий соҳа объектларини янгилашга ҳам салмоқли маблағ йўналтирилди. Жумладан, 4-сонли умумтаълим мактабида 12 миллиард сўмлик, 18-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида эса етти миллиард сўмлик энергия тежамкор реконструкция ишлари амалга оширилди. 48-сонли оилавий поликлиника замонавий тиббий жиҳоз ва мебеллар билан таъминланди.
Маҳалла раиси Собир Ирисбоевнинг таъкидлашича, янги маҳалла ва ёшлар маркази аҳоли билан ишлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Унда давлат хизматлари, ҳуқуқий маслаҳатхона, таълим ва спорт марказлари ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари жойлаштирилди.
Шаҳрисабз туманидаги Мевазор маҳалласида ҳам ободонлаштириш ишлари одамлар турмуш тарзига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Асфальтланган кўчалар, тунги ёритиш чироқлари, пиёдалар йўлаклари ва янгиланган спорт зали ҳудуд қиёфасини ўзгартирган. Янги ташкил этилган цехлар, ҳунармандчилик марказлари ва хизматлар уйи орқали 200 дан зиёд иш ўрни яратилган.
Мевазорда сут йиғиш шохобчаси ташкил этилиши чорвачилик билан шуғулланувчи хонадонлар учун ҳам янги имконият очган. Сутни сифатли сақлаш ва яхшироқ нархда сотиш имконияти пайдо бўлган. Кўчалар бўйлаб ток кўчатлари экилиши эса ҳудудни кўкаламзорлаштириш билан бирга, узумчиликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Маҳалла марказида касб-ҳунар, ахборот технологиялари ва хорижий тиллар марказлари, стоматология хизмати, фитнес клуб ҳамда миллий таомлар тайёрлаш марказлари фаолият юритмоқда. Бу эса қишлоқ шароитида ҳам аҳолига турли хизматлардан фойдаланиш, тадбиркорлик қилиш ва даромад топиш имкониятлари кенгаяётганини кўрсатади.
Демак, замонавий маҳалла тушунчаси энди фақат обод кўча ёки янги бинолар билан эмас, балки аҳоли бандлиги, сифатли ижтимоий хизматлар ва иқтисодий имкониятлар билан ҳам белгиланмоқда.
[gallery-32064]
Вилоят марказида ҳам аҳоли учун қулай шаҳар муҳитини шакллантиришга қаратилган лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда. Бу жараёнда жамоат транспорти, сайилгоҳлар, йўллар ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади.
Қарши шаҳридаги “Анҳор” канали бўйида ташкил этилган замонавий гастрономик кўча шундай лойиҳалардан биридир. Рогузар маҳалласи ҳудудида, Ислом Каримов ва Жайхун кўчаларини боғловчи 700 метрлик масофада барпо этилган мазкур маскан туну кун фаолият юритишга мўлжалланган.
Лойиҳани амалга ошириш учун бюджет маблағлари ҳисобидан олти миллиард сўм, тадбиркорлар томонидан эса саккиз миллиард сўм сармоя йўналтирилган. Ҳудудда 700 метр автомобиль йўли кенгайтирилиб, 1,4 километрлик саломатлик йўлакчаси барпо этилган. Қуёш энергиясида ишлайдиган 81 та кўча чироғи ўрнатилган.
Канал бўйида учта дамба, янги кўприк, учта чархпалак, тўртта фаввора, болалар ўйингоҳи, дам олиш айвонлари ва ўриндиқлар ташкил этилган. Натижада аввал асосан ўтиш йўли сифатида фойдаланилган ҳудуд аҳоли сайр қилиши, оилавий дам олиши мумкин бўлган масканга айланган.
Лойиҳанинг иқтисодий самараси ҳам эътиборга молик. Бу ерда 25 та янги савдо ва хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилган, мавжуд 15 та тадбиркорлик субъекти фаолияти кенгайтирилган. Рогузар маҳалласида 17 та кўча, 1 минг 522 та хонадон бўлиб, қарийб 5 минг 900 нафар аҳоли истиқомат қилади. Демак, мазкур лойиҳа шаҳарнинг бир қисми қиёфасини янгилаш билан бирга, кўплаб оилаларнинг дам олиш маданияти ва тадбиркорлик имкониятларига ҳам таъсир кўрсатади.
Қаршидаги замонавий Сув спорти саройи эса ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришнинг яна бир йирик намунасидир. Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ташаббуси билан барпо этилган мажмуа икки гектар майдонни эгаллаган бўлиб, турли сув спорти мусобақаларини ўтказиш имкониятига эга.
Унда 50×21 метр ўлчамли сузиш ҳавзаси, баландликдан сувга сакраш ҳавзаси, болалар ҳовузлари, фитнес ва йиғилиш заллари, 700 ўринли томошабинлар трибунаси ҳамда спортчилар учун зарур бошқа шароитлар яратилган. Замонавий иншоот ёшларни спортга жалб этиш, иқтидорли спортчиларни тайёрлаш ва нуфузли мусобақаларни ўтказиш учун янги имкониятлар очади.
Шундай қилиб, Қаршидаги бунёдкорлик ишлари шаҳарнинг ташқи қиёфасини ўзгартиришдан ташқари, аҳоли ҳаракатланиши, дам олиши, спорт билан шуғулланиши ва хизматлардан фойдаланиши учун ҳам янги шароитлар яратмоқда.
Қашқадарёнинг туризм салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳам бунёдкорлик жараёнларининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Айниқса, Шаҳрисабз туманидаги Мираки ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар табиий имкониятларни замонавий хизматлар ва янги даромад манбалари билан уйғунлаштиришга қаратилган.
Мазкур ҳудудда ишга туширилган дор йўли йирик инвестиция лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Қиймати 160 миллиард сўм бўлган объект еттита минора ва саккиз ўринли 20 та кабинани ўз ичига олади. Умумий узунлиги 2 минг 84 метр бўлган дор йўли ҳар соатда 660 нафар йўловчини ташиш имкониятига эга.
Пастки бекатда кафе, тиббиёт пункти, она ва бола хонаси, автотураргоҳ, сувенир дўкони ва электромобилларни қувватлаш станцияси ташкил этилган. Юқори бекатда эса овқатланиш шохобчаси, болалар майдончаси ва томоша зоналари мавжуд. Бу сайёҳларга фақат табиат манзараларидан баҳраманд бўлиш эмас, балки бир жойнинг ўзида турли хизматлардан фойдаланиш имконини беради.
Миракидаги яна бир йирик ташаббус «Miraki gardens» агротуризм мажмуасидир. 520 гектар майдонни эгаллаган ҳудудда меҳмонхона, ер ости хоббит уйлари, ўрмонзор, боғ ва узумзорлар ташкил этилган. Боғдорчиликда томчилатиб суғориш технологияси қўлланилмоқда. Мажмуада мева етиштириш, уларни сақлаш ва келгусида экспорт қилиш имкониятларини кенгайтириш ҳам кўзда тутилган.
Лойиҳа тўлиқ ишга туширилиши натижасида 350 та доимий ва мингдан зиёд мавсумий иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Эътиборлиси, ишчиларни маҳаллий аҳоли орасидан жалб қилиш белгиланган.
Бу ердаги ўзгаришларнинг аҳамияти шундаки, илгари самарасиз фойдаланилган қир-адирлар энди туризм, боғдорчилик ва хизмат кўрсатишни бирлаштирган иқтисодий маконга айланмоқда. Бундай ёндашув ҳудуднинг табиий имкониятларидан фойдаланиш, аҳоли бандлигини ошириш ва маҳаллий маҳсулотларни бозорга олиб чиқиш учун шароит яратади.
Мираки мисолида туризмни ривожлантириш фақат меҳмонхона ёки дам олиш масканлари қуришдан иборат эмаслиги кўринади. Бу жараён транспорт, овқатланиш, савдо, қишлоқ хўжалиги ва бошқа хизматларни ҳам ҳаракатга келтиради. Натижада бир лойиҳа атрофида ўзаро боғлиқ иқтисодий фаолият шаклланиши мумкин.
Қашқадарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар кўлами турли соҳалар ва ҳудудларни қамраб олмоқда. Чим ва Мевазор маҳаллаларидаги ўзгаришлар маҳалла инфратузилмаси, бандлик ва хизматлар ривожига қаратилган бўлса, ичимлик суви лойиҳалари қишлоқ аҳолисининг кундалик ҳаётидаги энг муҳим эҳтиёжлардан бирини ҳал этишга хизмат қилмоқда. Қаршидаги янги сайилгоҳ, жамоат транспорти ва Сув спорти саройи шаҳар муҳитини замонавийлаштиришга ҳисса қўшаётган бўлса, Миракидаги лойиҳалар туризм ва тадбиркорлик имкониятларини кенгайтирмоқда.
Ушбу мисолларни бирлаштириб турган жиҳат бунёдкорлик ишларининг инсон манфаатига йўналтирилганидир. Янги йўл аҳоли ҳаракатини енгиллаштириши, ичимлик суви хонадонгача етиб бориши, замонавий мактаб ва тиббиёт муассасалари хизмат сифатини ошириши, туризм объекти эса маҳаллий аҳолига иш ва даромад келтириши билан қадрлидир.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари