Қашқадарёда ботулизм ҳолати қайд этилди (+видео)
Ёз мавсумида аҳоли томонидан помидор, бодринг каби сабзавотлардан уй шароитида консерва маҳсулотлари тайёрлаш одат тусига кирган. Аммо санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этилмаслиги оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Хусусан, ботулизм касаллигини қўзғатувчи споралар мавжуд бўлган консерва маҳсулотининг ҳатто оз миқдори ҳам инсон саломатлиги учун ўта хавфлидир.
Қашқадарё вилояти Косон туманида истиқомат қилувчи фуқаро Акбар Мусаев ва унинг 6 ёшли қизи уй шароитида тайёрланган помидор консервасини истеъмол қилганидан сўнг оғир аҳволда шифохонага ётқизилди.
Фуқаро А.Мусаевнинг сўзларига кўра, дастлаб қорин оғриғи, кўнгил айниши ва қусиш аломатлари кузатилган. Уй шароитида даволанишга уриниш натижа бермаган, аҳвол оғирлашганидан сўнг тиббий муассасага мурожаат қилишга тўғри келган.
[gallery-26734]
Жорий йилнинг 7 декабрь куни Косон туман юқумли касалликлар шифохонасига ота ва қиз “овқат токсикоинфекциясига гумон” ташхиси билан қабул қилинган.
– Беморлар сувсизланиш, ич кетиши ва қайт қилиш аломатлари билан олиб келинди, – дейди Косон туман юқумли касалликлар шифохонаси бош врачи Фазлиддин Камолов. – Тезкор тиббий ёрдам кўрсатилиб, зарур муолажалар амалга оширилди. Кузатув жараёнида беморларда ботулизм касаллигига шубҳа пайдо бўлди ва лаборатория ҳамда клиник белгилар асосида ташхис тасдиқланди. Протоколга мувофиқ ботулизмга қарши зардоб қўлланилди. Ҳозирда иккала бемор ҳам реанимация бўлимида даволанмоқда. 6 ёшли болада нафас мушаклари фалажлиги кузатилгани сабабли сунъий нафас олдириш аппаратига уланган.
Эпидемиологик суриштирувлар давомида аниқланишича, беморлар 4 декабрь куни уйда тайёрланган шўрва ва 3 литрли идишда сақланган помидор консервасини истеъмол қилган. Эртаси кунидан эса клиник белгилар пайдо бўлган.
Хонадонда жами 18 литр уй шароитида тайёрланган помидор консерваси аниқланиб, лаборатория текшируви учун намуна олинди. Қолган қисми санитария талабларига мувофиқ йўқ қилинди. Оила аъзолари орасида бошқа заҳарланиш ҳолатлари қайд этилмади.
Қизалоқнинг онаси Гуллола Пиримованинг айтишича, мазкур консерва аввал ҳам истеъмол қилинган бўлиб, ҳеч қандай салбий ҳолат кузатилмаган. У барча фуқароларни уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилмасликка чақирди.
Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси овқатланиш гигиенаси бўлими мудири Ортиқ Аминовнинг таъкидлашича, ботулизм касаллиги асосан куз-қиш мавсумида уй консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида келиб чиқади.
– Жорий йилда вилоятда 6 та ботулизмга гумон ҳолати қайд этилди, – дейди мутахассис. – Барчасига ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилди. Аҳолидан уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларига нисбатан ўта эҳтиёткор бўлишни сўраймиз. Чунки бундай маҳсулотларда ботулизм споралари мавжуд ёки йўқлигини ташқи кўринишидан аниқлаб бўлмайди.
Айни пайтда Косон туманининг “Бешқутон” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли ўртасида ботулизмнинг олдини олиш, уй консерваси тайёрлашда санитария қоидаларига амал қилиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида қайд этиш керак, жорий йил давомида вилоят бўйича юқумли касалликларнинг олдини олишга қаратилган 500 мингга яқин тарғибот материали тарқатилган бўлиб, шундан 200 мингдан ортиғи ботулизмга қарши профилактикага оиддир.
Мутахассислар яна бир бор аҳолини шубҳали консерва маҳсулотларидан воз кечишга, ўз саломатлиги ва яқинларининг ҳаётига бефарқ бўлмасликка чақирмоқда.
Огоҳ бўлинг: энг катта бойлик – соғлигимиз.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/UOVYCnc-Bs8" title="Qashqadaryoda botulizm holati qayd etildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари