Қашқадарё хабарлари –қисқа сатрларда
Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов Параенгил атлетика бўйича аёллар ўртасида Т11 классида узунликка сакраш беллашувларида 5,24 метр натижа қайд этган ҳолда бироз аввал ўзи ўрнатган Паралимпия ўйинлари рекордини янгилаб, олтин медалга сазовор бўлган Асила Мирзаёрова хонадонида бўлди.
Паралимпия ўйинлари ғолибининг оила аъзолари ва яқинлари билан мулоқот қилиниб, муҳтарам Президентимиз томонларидан спорт соҳасига қаратилган эътибор ўз натижасини бериб, бугунги кунда юртимиз байроғи дунё ареналарида баланд кўтарилиб, барчани қувонтираётгани таъкидланди.
***
Шу кунларда юртимиз, хусусан, Қашқадарё вилоятида ҳам давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги шодиёналари кезиб юрган бир пайтда тўйга тўёна билан деганларидек, туман (шаҳар)ларимизда ишлаб чиқариш корхоналари ва ижтимоий объектларнинг фойдаланишга топширилиши ҳамда дилларни қувонтирадиган диққатга молик тадбирлар ўтказилмоқда.

Жумладан, бугун вилоят ҳокимлигида Президентимиз ғамхўрлиги ва эътиборлари туфайли 20 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган уй-жойга муҳтож қашқадарёлик ёшларга “Президент совғаси”, яъни хонадон калитлари вилоят ҳокими Муротжон Азимов томонидан тантанали равишда топширилди.

Уй калитлари топширилар экан, вилоят ҳокими сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг бу каби ғамхўрликлари ва эътиборлари туфайли ёшларимизнинг кўп йиллик орзулари ушалаётганини таъкидлаб, берилаётган уйларда барча шароитлар (жиҳозлари билан) яратилганини айтиб ўтди.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 1 июнь кунида ҳам 24 нафар чин етим қашқадарёлик ёшга ана шундай хонадонлар калитлари топширилган эди.
***
Мустақилликнинг 33 йиллиги муносабати билан шаҳримизда кўплаб янги ижтимоий соҳа объектлари ва тураржойлар фойдаланишга топширилмоқда.

Жумладан, бугун Қарши шаҳрида 200 ўринли “Авиценна болалар мактаби” очилди. Мактаб бошланғич синфлар учун мўлжалланган бўлиб, 1-4-синфларни қамраб олади.
Мактабнинг очилишида шаҳар ҳокимлиги, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, шаҳар бўлими масъуллари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири