Қашқадарё хабарлари – қисқа сатрларда
Китоб туманидаги чекка тоғли ҳудудда жойлашган 50-умумий ўрта таълим мактабининг олий тоифали математика фани ўқитувчиси Парвоз Элмирзаев математикадан сабоқ берган 23 нафар ўқувчининг 22 (96 фоиз) нафари ОТМ талабаси бўлди.
Талаба бўлган битирувчиларнинг 12 (55 фоиз) нафари математика ўқитувчиси касбини танлаган.

Бошқа мактаблардан келиб домлада сабоқ олган ўқувчилар ҳам талабалик бахтига муяссар бўлган. Бу Республика бўйича юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ўқув йилида мазкур мактаб битирувчиларининг 42 фоизи ОТМ талабаси бўлган эди, мазкур ўқув йилида бу кўрсаткич 66 фоизга чиқди.
***
Муборак тумани “Муборак қоракўлчилик” наслчилик МЧЖда хўжаликлараро қоракўл зотли наслли қўчқорларни алмаштириш бўйича республика семинари бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими Муротжон Азимов, соҳага масъул раҳбарлар, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятлари чорвадорлари иштирок этди.
Маълумот учун: вилоятда 140 минг бошга яқин қоракўл зотли қўйлар парваришланади. Шундан 72 минг боши совлиқ, 4 минг 200 боши наслли қўчқор, қолгани ўтган йил ва жорий йилда туғилган наслли қўзилардир. Шунингдек, 100 та туя ва 100 та от парвариш қилинмоқда.

Семинарда вилоят раҳбари сўнгги йилларда Президентимиз томонидан қоракўлчилик тармоғида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, наслчилик ишларини такомиллаштириш орқали сифатли қоракўл тери етиштириш, чўл озуқабоп экинлар уруғчилиги майдонларини ташкил этиш ва яйловлар ҳосилдорлигини ошириш ҳамда қоракўлчилик субъектларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга катта эътибор берилаётганлиги натижасида қоракўлчилик соҳасида муҳим ўзгаришлар юз бераётганини таъкидлади.
Бир гуруҳ МЖЧ раҳбарлари, чорвадор ва чўпонлар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
***
Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш ва уларнинг муаммо-таклифларини манзилли ўрганиб ҳал этиш мақсадида вилояти ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги сектор раҳбарларининг вилоятда турли соҳаларида фаолият юритаётган ва таълим олаётган ёшлар билан “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди.

Учрашувда ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва муаммолар тингланиб, уларни амалиётга тадбиқ этиш ва ечими алоҳида назоратга олиниб, масъулларга топшириқлар берилди.
Шунингдек, сектор раҳбарлари оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари, ҳомийликка олинган чин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар билан учрашиб, уларнинг келгуси режалари ҳақида суҳбатлашди.

Маълумот ўрнида: “Меҳр дафтари”га киритилган 450 нафар боланинг орзу-истакларини амалга ошириш учун “Меҳр дафтари” жамғармасидан 2 миллиард 402 миллион сўм маблағ ажратилиб, замонавий тикув машиналари, IT билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга компьютерлар ва бошқа бир қанча жиҳоз ҳамда техникалар топширилган.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири