“Қашқадарё вилояти ҳокими кубоги” мусобақалари ғолиблари тақдирланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Қашқадарё вилояти бошқармаси, туман ва шаҳарлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда тизим муассасалари ходимлари ўртасида ташкил этилган “Қашқадарё вилояти ҳокими кубоги” спорт мусобақалари ўз якунига етди.
Қарийб бир ой давом этган мусобақалар футбол, волейбол, шахмат ва эркин сузиш спорт турлари бўйича ўтказилиб, унда тизим ходимлари фаол иштирок этди.

Ғолибларни тақдирлаш маросимида сўз олганлар мамлакатимизда оммавий спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган ислоҳотлар хусусида тўхталиб, мусобақа иштирокчиларини эришган натижалари билан табриклади ҳамда уларнинг келгусидаги фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Тантанали маросимда ғолиб ва совриндорларга диплом, медаль, эсдалик совғалари ҳамда биринчи ўрин соҳибларига кўчма кубоклар топширилди.

Мусобақа якунларига кўра, футбол ва волейбол баҳсларида Косон тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази жамоаси ғолибликни қўлга киритди.

Эркин сузиш бўйича Чироқчи туманидаги 19-мактаб-интернати ўқитувчиси Сардор Сатторов биринчи ўринни эгаллади.

Шахмат мусобақасининг эркаклар ўртасидаги баҳсларида Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази ходими Завқиддин Ғузоров, аёллар ўртасида эса Муборак тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходими Ибодат Примова ғолиб деб топилди.

Тадбир давомида санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.

Таъкидланганидек, мазкур спорт мусобақалари тизим ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш, жамоавий ҳамжиҳатлик ва корпоратив бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири