Қашқадарё сабоғи – завод, дала ва аудитория бир занжирда
Президент ташрифидан сўнг...
Жорий йилнинг 21 октябрь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи ҳудудда саноат, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларидаги ўзгаришлар ўзаро узвий боғлиқ эканини яққол намоён этди. Бир томондан тўқимачилик фабрикаси, трактор йиғиш корхонаси, мева-сабзавот қуритиш заводи ҳамда пахта далаларидаги ишлар кўздан кечирилиб, 69 та янги лойиҳа ишга туширилди, яна 92 тасининг қурилишига старт берилди. Иккинчи томондан эса “Касблар шаҳарчаси”, маҳалла мактаби ва мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти билан танишилди. Бу каби кенг кўламли ислоҳотларнинг барчаси ягона занжирнинг ажралмас ҳалқаларидир.
Бу боғлиқликнинг иқтисодий моҳияти шундаки, инвестиция технологияни олиб келади, технология эса уни бошқара оладиган малакали инсонни талаб қилади. Инсон капитали бўлмаса, энг замонавий ускуна ҳам тўлиқ қувват билан ишламайди. Ташрифнинг энг муҳим хулосаси айнан шу.
Ҳудудга жалб этилган маблағлар иқтисодий янгиланишнинг миқёсини кўрсатади. Сўнгги беш йилда Қашқадарё вилоятига 20 триллион сўм маблағ йўналтирилиб, 7 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди. Шу даврда аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад уч баравар ошди.
Инвестициянинг натижаси эса фақат ажратилган маблағ миқдори билан ўлчанмайди. Ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳаларни баҳолашда фақат умумий суммага эмас, уларнинг ички тузилишига ҳам эътибор бериш муҳим. Бунинг учун иқтисодиётда кенг қўлланиладиган, жумладан, битта иш ўрнига тўғри келадиган инвестиция миқдорини ва лойиҳаларнинг экспорт имкониятларини таҳлил қилиш мумкин.
Мисол учун “Қашқадарё” эркин иқтисодий зонасидаги “Sulton Tex Group” кластерининг 54 миллион долларлик мато ишлаб чиқариш ва бўяш фабрикасида йилига 20 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати яратилиб, 840 та иш ўрни ташкил этилган. Бундай қўшимча қийматли лойиҳада ҳар бир иш ўрнига тахминан 64 минг доллардан тўғри келади. Косон, Миришкор ва Касби туманларида яна 14 та тўқимачилик лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, уларда 18 минг иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Тўқимачилик саноатида халқаро брендлар билан ҳамкорлик ҳам кенгаймоқда. Италиянинг “Cotonella” бренди йилига 8,5 миллион дона трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқаришни режалаштирган.
Машинасозлик йўналишида эса Қаршидаги “FM World” корхонасида 20 миллион доллар тўлиқ хорижий инвестиция ҳисобига 200 та иш ўрни яратилган, яъни ҳар бир иш ўрни учун 100 минг доллар демакдир. “Насаф” бренди остида йиғилаётган тракторлар GPS, автопилот, ўғитлашни бошқариш ва масофадан назорат қилиш тизимлари билан жиҳозланган. Ҳозир маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоизни ташкил этади, корхонанинг ўзида 138 турдаги деталь ва бутловчи қисм ишлаб чиқарилмоқда.
Натижаларни кузатсак, вилоятда иқтисодий тармоқлар ва соҳалар инновацион ривожланаётгани яққол кўзга ташланмоқда. Саноатдаги технологик янгиланиш озиқ-овқатни қайта ишлаш тармоғида ҳам кўзга ташланади. Америкалик ҳамкорлар билан ташкил этилган “Wosune Food Ingredients Karshi” корхонасида 150 та доимий иш ўрни яратилган бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнининг 30 фоизи роботлаштирилган. Корхонада сабзи, қалампир, ошқовоқ, олма ва кўкатлар қуритилиб, озиқ-овқат ва косметика ишлаб чиқарувчилари учун ингредиентга айлантирилади. Бозорда мавсум охирида арзонлаб кетадиган маҳсулот шу тарзда юқори қўшилган қийматли экспорт товарига айланади.
Қайта ишлаш билан бир қаторда, хомашё етиштиришнинг самарадорлиги ҳам муҳим. Давлатимиз раҳбари ташриф давомида Ғузор туманидаги “Qashqadaryo Jingu” корхонаси томонидан Шинжон усулида пахта етиштирилаётган даладаги ишлар билан танишди. 2,2 минг гектарда чигит плёнка остига қўш қатор қилиб экилган, томчилатиб суғориш тўлиқ жорий этилган. Натижада сув сарфи 30–40 фоизга, ўғит сарфи қарийб 30 фоизга камаяди, ҳосилдорлик анъанавий усулдаги 30–35 центнер ўрнига гектарига 55 центнерни ташкил этмоқда.
Агрокластер Косон, Нишон, Ғузор, Кўкдала ва Миришкор туманларида жами 18,3 минг гектар майдонда фаолият юритади. Унда 50 та иш ўрни яратилган, экспорт ҳажми эса 8,5 миллион долларни ташкил этади. Бу ерда лойиҳанинг асосий иқтисодий самараси бевосита иш ўринларида эмас, балки илгари фойдаланилмаган чўл ерларнинг муомалага киритилиши, ҳосилдорликнинг ошиши ва сувни тежайдиган технологиянинг воҳага кириб келишида намоён бўлади.
Янги корхоналар ва агротехнологиялар учун барқарор энергия таъминоти ҳам зарур. Энергетика соҳасида ҳам технологик янгиланиш давом этмоқда. Оқсув дарёсида 24 мегаватт қувватли учта гидроэлектр станцияси ишга туширилди, Китоб, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларида 58 мегаватт қувватли тўққизта микроГЭС барпо этилади, Қарши туманида эса 150 миллион долларлик чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган завод қурилмоқда.
Саноат, қишлоқ хўжалиги ва энергетикадаги лойиҳалар технологияга талаб ортаётганини кўрсатмоқда. Бу жараёнда инвестиция самарадорлигини баҳолаш ҳам муҳим. Айрим лойиҳалар мисолида бир иш ўрнига тўғри келадиган инвестиция миқдори сезиларли фарқ қилади. Бироқ бу кўрсаткични тармоқлар самарадорлигини баҳолашнинг ягона мезони сифатида қабул қилиб бўлмайди. Замонавий реал сектор тобора кўпроқ капитал ва технологияга таянмоқда. Бундай корхоналарда иш ўрни сони камроқ, лекин ҳар бир ходимдан талаб этиладиган малака анча юқори. Робот, дрон, GPS билан бошқариладиган трактор, томчилатиб суғориш ва қуёш станцияси ортида малакали оператор, муҳандис, агроном ва иқтисодчи туриши шарт. Айнан шу боис ишлаб чиқаришни ривожлантириш таълим сифати билан бевосита боғлиқ.
Технологияларни бошқарадиган замонавий мутахассисларни тайёрлашда ишлаб чиқариш корхоналари ва касбий таълим муассасаларининг яқин ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбарининг Қашқадарёга ташрифи доирасида Илғор касбий маҳорат техникуми ва унинг таркибидаги “Касблар шаҳарчаси” фаолияти билан танишгани бу фикрни яққол тасдиқлайди. Боиси, техникумда ўргатилаётган касблар ва ташриф давомида кўздан кечирилган корхоналарнинг реал эҳтиёжлари ўртасида мустаҳкам занжир яратилган. Хусусан, робототехника йўналиши “Robototexnika Wosune” корхонасидаги роботлаштирилган линияларга, дронларни бошқариш курси эса Шинжон усулидаги далаларда қўлланилаётган агродронларга мос келади. Шунингдек, агрономия ва зоотехника йўналишлари “Насаф” тракторлари ва чорвачилик лойиҳалари учун, “яшил энергетика” йўналиши қуёш панеллари ва гидроэлектр станциялари учун, тикувчилик эса 18 минг иш ўрни яратиладиган янги тўқимачилик лойиҳалари учун малакали кадрлар етказиб беришга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари вилоятда инвестиция лойиҳалари кўпайгани сари янги мутахассисларга талаб ортаётганини, техникум ўз салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиб, ўқув дастурларини иш берувчилар талабларига мослаштириши ва ёшларни янги корхоналарга тайёрлаши кераклигини таъкидлади.
Малакали мутахассис тайёрлаш мактабгача ва умумий ўрта таълимдан бошланади. Қамаши туманидаги Чим маҳалласида таълимнинг илк бўғини – 240 ўринли боғча ва 640 ўринли мактаб, маҳалла ва ёшлар марказлари барпо этилгани кўрсатилди. Бу ерда илгари ҳар 100 нафар ёшдан 9 нафари олий таълимда таҳсил олган бўлса, бугун бу кўрсаткич 45 нафарга етди. Ёшлар кутубхонасига ташриф буюрганида эса одамлар яна китобга қайтаётганини, тил ва миллий ўзликка ҳурмат ортаётганини қайд этди.
Мактаб ва техникумда бериладиган билимларни ишлаб чиқариш эҳтиёжлари билан узвий боғлашда олий таълим тизими муҳим бўғин ҳисобланади. Бугунги кунда тизимнинг устувор вазифаси фақатгина қамровни кенгайтириш эмас, балки таълим сифатини ошириш ва меҳнат бозори талабларига тўлиқ мосликни таъминлашдан иборат. Ҳар бир битирувчи реал сектор талаб қилаётган амалий кўникмаларга эга бўлиши шарт. Қашқадарё тажрибаси бу борада олий таълим муассасалари олдига бир қатор аниқ вазифаларни қўймоқда. Ҳозирда лойиҳа самарадорлигини, яъни битта иш ўрни баҳоси, инвестициянинг қопланиш муддати ва экспорт салоҳиятини аниқ ҳисоблай оладиган иқтисодчи ҳамда лойиҳа менежерларига талаб жуда юқори. Шунингдек, маҳаллийлаштириш даражасини босқичма-босқич 30 фоиздан ошириш учун етказиб бериш занжири ва саноат кооперациясини таҳлил қила оладиган мутахассислар ҳамда кооператив ва фермер хўжаликларини самарали бошқарадиган агробизнес менежерларига катта эҳтиёж мавжуд.
Бугунги кунда сув ва энергияни тежашнинг иқтисодий самарадорлигини молиявий кўрсаткичларда аниқ ўлчай оладиган “яшил иқтисодиёт” мутахассисларига эҳтиёж тобора ортмоқда. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг ташрифи давомида тақдим этилган лойиҳаларни ўқув жараёни учун тайёр амалий кейс сифатида жорий этиш мақсадга мувофиқ. Бунда талабаларнинг амалиёти ва битирув малакавий ишларини эркин иқтисодий зона корхоналари билан дуал таълим тизими асосида узвий боғлаш лозим. Бундан ташқари, қурилиши бошланган 92 та янги лойиҳанинг самарадорлиги ва натижадорлигини университет олимлари томонидан мустақил илмий мониторинг қилиш тизимини йўлга қўйиш зарур.
Шу билан бирга, касбий таълим битирувчиларининг кейинчалик олий таълим муассасаларида ўқишини давом эттириши учун очиқ ва қулай имкониятлар яратиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, замонавий саноат ва агротехнологиялар тараққиётининг негизида, энг аввало, илғор билим ҳамда амалий кўникмалар мужассам. Хулоса қилиб айтганда, завод, дала ва аудитория ягона занжирга бирлаштирилса, қиймати 6 миллиард доллардан зиёд бўлган истиқболли лойиҳалар воҳа аҳолиси учун барқарор иш ўринлари ва даромадлар манбаига, ёшлар учун эса порлоқ келажак ва янги имкониятлар эшигига айланади.
Қўнғиротбой ШАРИПОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори.
ЎзА