Қарздорликни ундириш доирасида гаров мулклари хатланди
Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси томонидан суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, бошқарма иш юритувида бўлган ижро ҳужжатига асосан, тижорат банки фойдасига қарздорликни ундириш чоралари кўрилди. Аниқланишича, масъулияти чекланган жамият ва тижорат банки ўртасида тузилган шартномага мувофиқ, жамият томонидан 8 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари олинган.
Бироқ, қарздор томонидан кредит маблағлари белгиланган муддатларда қайтарилмагани сабабли, банк томонидан судга даъво аризаси киритилган. Суд томонидан қабул қилинган қарорга асосан, мазкур қарздорликни мажбурий тартибда ундириш бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор жамиятга тегишли бўлган, гаров сифатида расмийлаштирилган 11 та хорижда ишлаб чиқарилган транспорт воситалари хатланди ва белгиланган тартибда рўйхатга олинди.
Шунингдек, ушбу ижро иши доирасида аввалроқ ҳам қарздорликни қисман қоплаш мақсадида жамиятга тегишли яна 5 та транспорт воситаси хатлангани қайд этилди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА