Қарздорлик эвазига гаровдаги уй аукционда сотилди
Тошкент вилоятида банкдан олинган йирик миқдордаги қарздорликни ўз вақтида қайтармаган фуқаронинг уйи мажбурий тартибда сотувга чиқарилди. Фуқаролик ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туманлараро судининг ижро варақасига асосан қарздор С.У.дан АТ “Халқ банки” фойдасига 201 миллион 600 минг сўм ундириш белгиланган эди. Мазкур қарздорликни қоплаш учун ундирув гаров мулки сифатида кўрсатилган Қуйи Чирчиқ туманидаги “Ўжакент” МФЙ ҳудудида жойлашган хонадонга қаратилди.
Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ижро иши қўзғатилиб, дастлаб қарздорга мажбуриятларини бажариши учун 15 кунлик ихтиёрий муддат берилди. Бироқ, белгиланган вақт ичида тўловлар амалга оширилмагач, жорий йилнинг 2 февраль куни мутахассислар ва холислар иштирокида хонадон хатланди.
Давлат ижрочисининг қарори билан электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган ушбу кўчмас мулк 218 миллион 50 минг сўмга сотилди. Сотувдан тушган маблағлар банк олдидаги қарздорликни ёпиш учун йўналтирилди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА