Қарздор ота Тошкентда топилди
Сирдарё вилоятида алимент тўлашдан бўйин товлаб, давлат ижрочисидан яшириниб юрган қарздор ота Тошкент шаҳрида ўтказилган қидирув тадбирлари давомида аниқланди.
Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармаси Қидирув шўъбаси маълум қилишича, суд қарорига мувофиқ фуқаро Б.О.дан вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Ижро ҳужжати асосида Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё туман бўлими томонидан тегишли ижро ҳаракатлари амалга оширилган.

Қарздор суд қарори мазмуни билан таништирилганига қарамасдан, белгиланган муддатларда алимент тўловларини амалга оширмаган. Шунингдек, давлат ижрочисининг чақирувларига келмагани ҳамда яшириниб юргани сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида қарздорнинг Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги чойхоналардан бирида меҳнат фаолияти олиб бораётгани аниқланиб, у шу ернинг ўзида топилди.
Маълум бўлишича, қарздорнинг иш берувчиси — чойхона раҳбари унинг 10 миллион сўм миқдоридаги алимент қарздорлигини тўлиқ қоплаб берган.
Натижада алимент қарзи тўлиқ ундирилди. Қарздор расман огоҳлантирилиб, келгусида алимент тўловларини ўз вақтида амалга ошириши юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, унга нисбатан эълон қилинган қидирув бекор қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири