Қарздор корхонанинг мол-мулки хатланди
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратилиши ҳам йўлга қўйилган. Бироқ, масъулиятсизлик, имкониятларни тўғри баҳоламаслик ва ҳуқуқий маданият етишмаслиги сабаб банклар билан тузилган шартнома шартларига риоя қилмаслик ҳолатлари учраб турибди.
Шартнома шартлари бузилганлиги боис банк кредит фоиз қарзи ва ажратилган кредитни муддатидан олдин тўлиқ ундириш бўйича судга даъво аризаси киритиши мумкин. Гаров мулки асосида олинган кредит қарздорлиги тўлиқ бартараф қилинмаган тақдирда эса ундирув гаров мулкига қаратилади.
Шартнома шартларига риоя қилмаслик мижозга қўшимча ҳаражат, ташвиш ва муаммолар олиб келиши табиий ҳолат.
Иш юритувдаги банклар фойдасига ҳал қилинган суд қарорлари ижросини таъминлаш борасида Бюро ходимлари томонидан самарали ишлар қилинмоқда. Мисол учун фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилояти Ғиждувон туман судининг 2021 йил 6 сентябрдаги ижро варақасига асосан ундирувчи Савдо-саноат палатаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Тўқимачилик филиали фойдасига қарздор “Қайроқ Тош” МЧЖдан жами 569.385.86 АҚШ доллари миқдорида кредит қарздорлиги ундириш, ундирувни гаровга қўйилган мазкур МЧЖга тегишли мол-мулкларга қаратиш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Ғиждувон туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатларига киришилган.
Ижро ҳаракатлари давомида “Қайроқ Тош” МЧЖга тегишли гаровга қўйилган мол-мулклар хатланиб, электрон савдо майдончаси орқали савдога чиқариш чоралари кўрилган.
Шунингдек, бўлим давлат ижрочилари томонидан жорий йилнинг ферваль ойида олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида “Қайроқ Тош” МЧЖга тегишли бўлган 2019 йилда ишлаб чиқарилган, “HOWO” русумли юк тортувчи автотранспорт воситаси тегишли тартибда хатланган. Жиноят кодексининг 233-моддаси талаблари, яъни банд солинган ёхуд гаровга қўйилган мулкни ишониб топшириб қўйилган шахс томонидан қонунга хилоф равишда ўзлаштириш, растрата қилиш, яшириш, нобуд қилиш ёки унга шикаст етказилганда жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида тушунтирилиб, МЧЖ раҳбарига топширилган.
Кредит қарздорлиги белгиланган муддатда бартараф қилинмаган, мазкур автотранспорт воситасини электрон савдо майдончаси орқали савдога чиқариш ва автомашина сотувидан тушган маблағларни кредит қарздорлигини бартараф қилишга йўналтириш чоралари кўрилади.
Ҳозирда, МЧЖга тегишли гаровга қўйилган бошқа мол-мулкларни хатлаш борасидаги ижро ҳаркатлари давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА