Қарши туманида мустақиллик шодиёналари
Қашқадарё вилояти Қарши туманида Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги кенг нишонланмоқда.
“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида Қарши тумани марказидаги “Ёшлар” хиёбонида мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллик байрам тантаналари бўлиб ўтди.


Вилоят ва республикадан ташриф буюрган эл ардоғидаги санъаткорлар, фольклор жамоаларининг ватанни тараннум этувчи куй-қўшиқлари, театрлаштирилган томошалар барчага хуш кайфият бағишлади. Туман ҳокими Беҳзоджон Юсупов Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 31 йиллик байрами билан туман аҳолисини самимий табриклади.
Таъкидлаш лозимки, ўтган йиллар давомида туман ҳаётида ҳам туб ўзгаришлар юз берди. Жумладан, туманда 27 та 1 подъездли 5 қаватли уй-жойлар барпо этилиб фойдаланишга топширилди. Шунингдек, жорий йилда Мевазор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий меъморчилик ва технологиянинг сўнгги ютуқларини ўзида мужассам этган 10 та 1 подъездли 5 қаватли уй-жойларнинг қурилиши бошланди.


Жорий йилда таълим сифатини янада яхшилаш учун 7 та мактабда 26 миллиард, 2 та қишлоқ врачлик пункти ва туман марказий поликлиникасини таъмирлаш учун 10 миллиард, 2 та мактабгача таълим ташкилотида 10 миллиард сўмлик реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. Бола қамровини ошириш учун Пахтазор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 6 миллиард сўм маблағ эвазига янги мактабгача таълим ташкилоти қурилмоқда. Бундан ташқари, Янги Батош маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 660 ўринли 15 миллиард сўмлик замонавий лойиҳа асосида янги мактаб биноси қурилаётир.
Бугунги кунга қадар ҳудудларда 27 километр ичимлик суви тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция ишлари, 19 километр электр тармоқларида янги қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди, 38 та трансформатор мукаммал таъмирланди ва 620 дона бетон устунлар ўрнатилди.


“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” Давлат дастури доирасида тумандаги Мирмирон ва Ўзбекистон Мустақиллиги маҳалла фуқаролар йиғинларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, дастур доирасида мазкур маҳаллаларда 33 километр ички йўллар таъмирланди. 26 километр электр тармоқлари тортилди. 4 та трансфарматор ва 425 дона бетон устун ўрнатилди. 7 километр оптик толали алоқа тизими тортилди, 2 километр пиёдалар йўлаклари таъмирланди. Бундан ташқари, Мирмирон маҳалла фуқаролар йиғинидаги 65-мактабга 3 миллиард сўмлик 330 ўринли қўшимча бино қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Туманда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар жалб қилиш борасида Туркия, Хитой, Россия федерацияси, Ҳиндистон давлатлари инвесторлари томонидан жами 13 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар жалб қилинди. Бундан ташқари, туманда ҳудудий инвестиция дастури доирасида 86 миллиард сўм маблағ ҳисобига 22 та лойиҳа амалга оширилиб, 217 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек 64 миллион долларлик саноат ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти амалга оширилди. Бу борада барча соҳаларда белгиланган режа ортиғи билан бажарилди.
[gallery-8563]
Ўлмас Баротов, ЎзА