Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан ўтаётган видеоселектор йиғилишида таъкидланди.
Уй-жой билан таъминлаш бўйича Қарши аҳолисидан 124 та мурожаат келиб тушган. Қарши шаҳрида бу йил 3 минг 700 та хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши режа қилинган.
Ҳоким ўринбосарлари шаҳардаги банклар ва девелоперлар билан биргаликда уй-жой бўйича мурожаат қилганлар билан бирма-бир учрашади. Уларга янги қурилаётган уй-жойларни таклиф этади, кредит, субсидия бўйича масалаларини тезкорлик билан ҳал қилиб беради.
Шаҳардаги давлат идораларида 1,5 мингдан зиёд ходим ишлаяпти. Уларнинг фаолияти бўйича 794 та шикоят келиб тушган. Масалан, ички ишлар ходимларининг муомаласи ва тергов сифати юзасидан 281 та ариза йўлланган.
Вилоят ички ишлар бошлиғининг кадр ва жамоат хавфсизлиги бўйича ўринбосарлари ҳафтанинг бир кунини ёш терговчилар, профилактика инспектори, йўл ва пост-патрул ходимларини ўқитиш, муомала маданиятини ўргатишга бағишлайди.
Ходимларига нисбатан эътирозлар кўп бўлган Мажбурий ижро бюроси, солиқ, электр, сув ва газ, тиббиёт ва таълим идораларининг раҳбарлари ҳам ўз ишини худди шу йўсинда ташкил қилиши зарурлиги қайд этилди.
ЎзА