Қарши шаҳрида «Ақлли шаҳар» вазиятлар маркази иш бошлади
Қарши шаҳрини бошқаришда замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида шаҳар ҳокимлигида янги шаклдаги “Ақлли шаҳар” вазиятлар маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Марказнинг ишга туширилиши муносабати билан ўтказилган тақдимотда Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Азимов, шаҳар ва туман ҳокимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Қарши шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг расмий телеграм каналида маълум қилинишича, тадбирда “Ақлли шаҳар” платформасининг имкониятлари, уни ҳудудни бошқаришда қўллаш самарадорлиги ҳақида маълумот берилди.

Янги вазиятлар марказининг муҳим жиҳати – 50 га яқин вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ҳамда рақамли сервислари ягона платформага интеграция қилинганидир. Бу шаҳардаги турли жараёнларни бир вақтнинг ўзида кузатиш, мавжуд маълумотларни таҳлил қилиш ва аниқ вазиятдан келиб чиқиб тезкор бошқарув қарорларини қабул қилиш имконини беради.
Бугун шаҳарни самарали бошқариш фақат мавжуд муаммоларни бартараф этиш билан чекланиб қолмай, уларни олдиндан кўра билиш ва зарур чораларни ўз вақтида белгилашни ҳам талаб этади. «Ақлли шаҳар» вазиятлар маркази ана шу ёндашувни амалиётга жорий этишга хизмат қилади.

Жумладан, шаҳардаги жараёнлар ҳақида турли манбалардан келиб тушаётган маълумотларни бир жойда жамлаш орқали вазиятни яхлит баҳолаш, муаммоли нуқталарни аниқлаш ва масъул ташкилотларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш имконияти яратилади.
Муҳими, рақамли маълумотлардан фойдаланиш бошқарув қарорларининг тезкорлиги билан бирга, уларнинг асосланганлигини ҳам оширади. Бу эса шаҳар инфратузилмаси, коммунал хизматлар, жамоат хавфсизлиги ва бошқа соҳаларда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилашга замин яратади.
«Ақлли шаҳар» вазиятлар марказининг ишга туширилиши Қарши шаҳрини замонавий бошқарув тамойиллари асосида ривожлантириш, муаммоларни барвақт аниқлаш ва уларга тезкор муносабат билдириш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири