Қарор ва ижро: тракторчи-машинист курслари
Навоий вилоятида тракторчи-машинист мутахассисини тайёрлайдиган 5 та давлат ва 3 та нодавлат таълим муассасаси мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги қарори билан “Тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, таълим муассасаларини ҳисобга олиш, имтиҳонларга кириш ва уни ўтказиш ҳамда қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи тракторчи-машинист гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида” ги Низом тасдиқланган. Унга кўра, давлат ёки нодавлат таълим муассасалари тракторчи-машинистларни тайёрлаш ёки қайта тайёрлаш бўйича ўз фаолиятини бошлагунга қадар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг ҳудудлардаги бўлимларига белгиланган тартибда мурожаат қилиши, инспекциянинг туман (шаҳар) бўлимларининг буйруқларига асосан тузилган текширув комиссияси томонидан тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасасининг моддий-техника ва ўқув-методик базаси кўрикдан ўтказилиши ва бошқа қатор вазифалар белгилаб берилган.

Инспекция вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари автомактабларда бўлиб, уларнинг моддий-техник базаси, амалий машғулотлар учун техника воситаларининг мавжудлиги, шунингдек, мураббийларнинг билим даражаси, салоҳияти талабга жавоб бериши юзасидан ўрганишлар олиб бормоқда.
– Ўқув муассасаси бир қатор талабларга жавоб бериши, хусусан, камида 48 квадрат метр майдонга эга бўлган ўқув хоналари мавжуд бўлиши керак, – дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Беҳзод Бозоров. – Шунингдек, тракторчи-машинистликка номзодларга амалий бошқаришни ўргатиш учун белгиланган талабларга мувофиқ жиҳозланган майдон, дала майдончаси, техника ёки ундан фойдаланиш тўғрисида шартнома, таълим муассасасининг иш режасига киритилган қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари ҳамда ўзиюрар машиналарни бошқариш бўйича амалий машғулотларни тўлиқ ўтказиш учун ёқилғи-мойлаш материаллари ҳам тўлиқ бўлиши зарур.
Шу билан бирга муҳандис-педагоглар, инструкторлар ҳамда ишлаб чиқариш усталарининг маълумоти ва билим даражаси талабга жавоб бериши лозим. Бундан ташқари, тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш гуруҳларида номзодлар сони 25 кишидан ошмаслиги керак. “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари Қизилтепа, Хатирчи, Кармана, Навбаҳор, Конимех туманларидаги мавжуд таълим муассасаларида бўлиб, тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

– Тракторчи-машинист гувоҳномасини оладиган ўқувчи ўқув курсининг белгиланган барча назарий ва амалий дарс соатларида тўлиқ иштирок этган бўлиши керак, – дейди “Ўзагроинспекция” нинг Навбаҳор тумани бўлими катта инспектори Умар Қурбонов. – Курс якунида имтиҳонларнинг шаффоф ва ҳалол ўтишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Курсни тамомлаган ўқувчига тракторчи-машинист гувоҳномаси берилади. Бу жараёнлар Инспекция туман бўлимлари ходимлари томонидан назорат қилиб борилади.
Албатта, автомактабларда мазкур қоидаларга амал қилиш нафақат билимли ва салоҳиятли тракторчи-машинист мутахассисларни етиштириш, шу билан бирга йўл ҳаракатида иштирок этадиган қишлоқ хўжалиги техникалари билан содир бўладиган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.
Абдували Бўриев, ЎзА