Қарор ижросига бағишланди
Бухорода Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мева сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими ўринбосарлари, шаҳар-туман ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, қишлоқ хўжалигига масъул ташкилотлар раҳбарлари қатнашди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган 200 минг гектар экин майдонларини 2022-2025 йилларда босқичма-босқич захирага қайтарилиши, захирага қайтарилган ер майдонларида деҳқон хўжалиги ташкил этган ҳолда сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш каби лойиҳаларни амалга ошириш учун фуқароларга 10 сотихдан 1 гектаргача бўлган ўлчамларда очиқ электрон танлов орқали 10 йилга ижарага берилиши тушунтирилди.
Ер участкалари «E-AUKSION» электрон савдо платформасида очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага берилиши, ер участкаларини ижарага беришда ўз томорқасида мева-сабзавотчилик, полиз маҳсулотларини етиштириш ва узумчиликда яхши натижаларга эришган, ушбу соҳалардан бирида таянч мутахассисликка эга бўлган фуқаролар, шунингдек, «Темир», «Аёллар» ва «Ёшлар» дафтарларида рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларга алоҳида имтиёзлар берилиши хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Тадбирда ер участкалари «E-AUKSION» электрон савдо платформасига жойлаштириш тартиби ҳамда ушбу жараёнда иштирок этадиган ташкилотларнинг вазифалари хусусида ҳам сўз борди. Шунингдек, захирага олинган ер участкаларини давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш, рўйхатидан ўтказилган ер майдонларининг 10 сотихдан 1 гектаргача бўлган ҳажмларда лотларга ажратиб, бир ой ичида очиқ электрон танловга қўйилиши қарор билан белгилаб қўйилгани таъкидланди.
Ажратилган ер майдонларининг тупроқ шароити, ер балл бонитети, сув билан таъминланганлик даражаси, ҳудуд аҳолисининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда “Бир ҳудуд – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳсулот етиштиришга асосий эътибор қаратиш, ер майдонларида зарур агротехник тадбирларни бажариш, ўғит ва сув билан таъминлаш, инфратузилма объектларини яратиш учун зарур шарт-шароитларни яратишга ҳам алоҳида тушунтиришлар берилди.
Семинарда деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаларини ижарага беришнинг маъмурий регламенти, юридик шахсларга қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини ижарага беришнинг маъмурий регламенти, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом талаблари бўйича атрофлича маълумот берилди. Хусусан, янги тартибга кўра туман, шаҳар ҳокимликлари манфаатдор давлат ташкилотлари билан биргаликда ҳар йили ноябрь ойига қадар ер участкаларини тақдим этиш бўйича таклифлар тайёрлайди ҳамда тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясига киритиши шундан сўнг эса очиқ электрон танловга қўйилиши бўйича тўхталиб ўтилди.

Тадбирда Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳаитов қатнашди.
Зариф Комилов, ЎзА