Қарор ижроси прокуратура назоратида
Бош прокурор ўринбосари Шавкатжон Рахимов томонидан Бухоро вилоятида Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ ҳўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси ўрганилди.
Ўрганиш натижаларига бағишланган йиғилишда 2022 йил ҳосили учун экинларни ер балансидан келиб чиққан ҳолда жойлаштириш, пахта ва ғалладан қисқарган ерларда экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтириш, суғориладиган ер майдонларидан ўзбошимчалик ва ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини олдини олиш, сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳамда фермер ва бошқа тадбиркорлик субъектларини қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Мазкур жараёнда қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан масъуллар расман огоҳлантирилди. Бош прокурор ўринбосари Шавкатжон Рахимов Бухоро ва Ромитан туманларида тайинланган ҳоким ёрдамчилари билан учрашди. Уларнинг фаолиятини йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатиш, уйма – уй юрган ҳолда аҳолини мавжуд муаммоларини ўрганиб, уларни ўз вақтида бартараф қилинишини таъминлаш бўйича ўз тавсияларини берди.

Бухоро тумани “Деҳча” қишлоғида фаолият кўрсатаётган “Шохрух Мебел Файз” МЧЖ негизида ташкил этилган мебель ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишди. Корхона раҳбари Б.Бухороновга қўшимча замонавий ускуна сотиб олишига кредит ажратилишига амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан туман ҳокими ва туман прокурорига тегишли топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Мазкур қишлоқда тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқаролар Қ.Асадов ва Ш.Рахматовларнинг хонадонида бўлди. Хонадонларда ташкил қилинган мебель ишлаб чиқариш цехи, асаларичилик, маҳаллий тухум йўналишидаги хонаки товуқлар боқилаётганлиги билан танишди. Қишлоқда ушбу фаолиятни оммалаштириш бўйича сектор раҳбарларига тегишли таклифларни билдирди.

Шунингдек, Бухоро шаҳри “Қизилқум” кўчасида яшовчи фуқаро У.Акрамовнинг мурожаатини қабул қилди.
У.Акрамов ўз мурожаатида ногиронлик гуруҳини иккинчи гуруҳдан биринчи гуруҳга ўтказишни сўраб, қилаётган мурожаатлари қаноатлантирилмаётганлигидан норозилигини баён қилган.

Мурожаат назоратга олиниб, шу куннинг ўзида тайинланган тиббий меҳнат экспертизаси комиссиясининг хулосасига асосан, фуқарога биринчи гуруҳ ногиронлик гуруҳи тайинланди.
Зариф Комилов, ЎзА