Қарийб беш минг кишининг умрига зомин бўлган даҳшатли табиий офат – тўққиз баллик Андижон зилзиласи
Ватанимиз тарихидаги 3 декабрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1902 йил (бундан 122 йил олдин) – Андижонда Ўрта Осиёдаги кучли зилзилалардан бири юз берди (мазкур зилзиланинг санаси ўша вақтда амалда бўлган эски йил ҳисоби бўйича 3 декабрга, янги ҳисоб бўйича 16 декабрга тўғри келади). Андижон зилзиласи шу куни соат 10 да рўй берган. Ер кетма-кет уч марта силкиниб, биринчиси 8–9 балл, 1–1,5 дақиқадан сўнг иккинчиси 9 баллдан ортиқ ва яна 30 дақиқа ўтгач, учинчиси 8–9 балл бўлди.
Тарихчилар Рустамбек Шамсутдинов ва Абдураҳмон Исҳоқовларнинг “Андижон тарихидан лавҳалар” китобида қайд этилишича, Андижонда XV–XIX асрларга оид тарихий бинолар сақланиб қолмаган. Чунки XVII–XX асрларда учта энг даҳшатли зилзила бўлиб, бутун тарихий ёдгорликлар, бинолар қулаб вайронага айланган. Бу даврдаги биринчи зилзила 1620 ёки 1621 йилда, иккинчиси 1823 йилда, учинчиси эса 1902 йил 3 декабрда содир бўлган.
1902 йилги зилзила натижасида 50 минг киши яшайдиган Андижон шаҳри билан атроф қишлоқларда кўп жойлар вайронага айланди, 30 мингдан ортиқ уйлар бир зумда таг-туги билан қулаб тушди. Зилзилада 4 минг 652 киши нобуд бўлди, 7000 га яқин қорамол ўлди. Бу зилзила Андижонни ер билан яксон қилди. Хатто темир йўл изларидаги паровоз ва вагонларни ҳам улоқтириб ташлади, излар бўлса эгилиб-букилиб жойидан қўзғалиб кетди. Ҳатто адирлардаги ер ёрилиб, ундан бир неча дақиқа нефть, газ ва сизот сувлар қум аралаш отилиб турган. Воқеадан сўнг Андижонда зилзила оқибатларини бартараф қилиш борасида катта бунёдкорлик ишлари бошланиб кетди.
Зилзиладан зарар кўрганларга ёрдам кўрсатиш, Андижонни қайта тиклаш учун ёрдам жамғармаси ташкил этилди. Унга ҳатто Россия императорининг ўзи, рафиқаси, Франция президенти, Бухоро амири маблағ ажратди, империянинг турли бурчакларидан ёрдам маблағлари келиб турди. Андижонликларнинг ўзлари ҳам чуқур ватанпарварлик туйғуси билан шаҳарни қайтадан қуришда жонбозлик кўрсатди. Маҳаллий бойлардан Миркомилбой Мирмўминбоев бу соҳада айниқса катта саховатпешалик қилди.
1925 йил (бундан 99 йил олдин) – тилшунос, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ғанижон Абдураҳмонов дунёга келди. У 1971–1978 йилларда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимида ишлаган.
1941 йил (бундан 83 йил олдин) – Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг кўчириб келтирилган фуқароларни қабул қилиш ва жойлаштириш юзасидан махсус қарори чиқди. Уруш йилларида собиқ СССРнинг ғарбий ҳудудларидан кўчириб келтирилганлар шаҳар ва қишлоқ туманларига жойлаштирилди. Улар Ўзбекистонда бошпана топдилар, иш билан таъминландилар. Ўзбек халқи ўз нони, кийим-кечаги, турар жойини кўчиб келганлар билан баҳам кўрди.
1941 йил (бундан 83 йил олдин) – Қорақалпоғистон Республикасида “97-қорақалпоқ миллий бригадаси” ташкил этилди. Унинг таркибида беш ярим минг нафар йигитлар ўз хоҳишлари билан ариза бериб, Иккинчи жаҳон урушида қатнашиш учун фронтга кетдилар.
1990 йил (бундан 34 йил олдин) – Москвада қатағон қилинган ижодкорларнинг меросини ўрганишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Ўзбекистондан уч киши – Озод Шарафиддинов, Наим Каримов, Бегали Қосимовлар иштирок этди. Унда жадидчиликнинг ижтимоий-маънавий тараққиётимизда алоҳида босқич бўлгани қайд этилди, уни хилма-хил йўналишларда ўрганиш зарурати айтилди, конкрет ижодкорлар, уларнинг фаолияти, мероси ҳақида фикр алмашилди.
1990 йил (бундан 34 йил олдин) – Тошкент шаҳрида Осиё-Тинч океани минтақасида хавфсизлик ва ҳамкорлик ҳамда икки томонлама муносабатлар муаммоларига бағишланган Совет-Жанубий Корея конференцияси ўтказилди.
1996 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
1999 йил (бундан 25 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1130 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2003 йил (бундан 21 йил олдин) – Хоразм вилоятига Жалолиддин Мангуберди ордени топширилди. Андижон вилоятига Амир Темур орденини топшириш маросими бўлиб ўтди.
2004 йил (бундан 20 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
2018 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий ва илмий-техник фаолиятнинг истиқболли ютуқларини жорий қилишнинг самарали механизмларини татбиқ этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтини ташкил этиш тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
2021 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги фармони, “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 3 йил олдин) – Тошкент давлат техника университети Термиз филиали негизида Термиз муҳандислик-технология институти ташкил этилди.
2021 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади