Қардош халқлар дўстлиги мусиқа садоларида
Ўзбекистон давлат консерваториясида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган навбатдаги ижодий учрашув бўлиб ўтди. Икки мамлакат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган «Дўстлик концерти»да озарбайжон мусиқа санъатининг бетакрор намуналари ижро этилди.
Миллий оҳанглар ва жозибали куйларга бой мусиқий дастур Ўзбекистон давлат филармониясининг «Сўғдиёна» халқ чолғулари камер оркестри томонидан тақдим этилди. Озарбайжон бастакорларининг асарлари орқали тингловчилар қардош халқнинг бой мусиқий мероси, ўзига хос ижро услуби ва миллий анъаналари билан янада яқиндан танишиш имконига эга бўлди.

Оркестр ижросида янграган ҳар бир куй ўзига хос мусиқий жозибаси, оҳанглар уйғунлиги ва таъсирчанлиги билан ажралиб турди. Оркестрнинг бадиий раҳбари, Ўзбекистон санъат арбоби Фируза Абдураҳимова раҳбарлигида тайёрланган дастур ижрочиларнинг маҳорати ва мусиқага бўлган юксак масъулиятини намоён этди.

Мусиқий кечада Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Моҳичеҳра Шомуродова, Рустам Алимардонов, Муҳаммадали Жўраев ва бошқа хонандалар ҳам ўз чиқишлари билан иштирок этди. Улар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар концертга алоҳида файз бағишлаб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди.
Тадбир давомида мусиқа икки халқнинг қалбини боғловчи, умумий қадриятлар ва маънавий яқинликни ифода этувчи куч экани яна бир бор намоён бўлди. Зеро, ўзбек ва озарбайжон халқларини азалдан муштарак тарих, бой маданий мерос ва ўзаро ҳурмат ришталари бирлаштириб келади.

«Дўстлик концерти» икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, миллий санъат намуналарини кенг тарғиб этиш ва ижодий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Концерт якунида янграган самимий олқишлар эса санъатнинг чегара билмаслиги, мусиқа орқали халқлар ўртасидаги дўстлик янада юксалишини яққол намоён этди.
Н.Усмонова,
ЎзА