Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади
Навоий вилояти Хатирчи тумани “Деҳқонобод” маҳалласида малина етиштириш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда. Айтиш жоиз бу маҳалла иқлим ва ерининг унумдорлиги билан малина етиштириш учун жуда қулай ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда деҳқончиликнинг ҳадисини олган миришкорлар кўп.
Малина шифобахш ва қимматбаҳо мева ҳисобланиб, Навоий вилояти бозорларига асосан Фарғона ва қўшни вилоятлардан келтирилади.

Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан маҳалладаги 209 нафар ишсиз фуқарога ўртача 20 сотихдан умумий 47,5 гектар ер майдони тарқатилди. Шундан 22,3 гектар ер майдони суғориладиган ер ҳисобланади.
– Аҳоли ушбу ерлардан самарали фойдаланиш, юқори даромадли мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотлар етиштириб, ўз бандлигини тўлиқ таъминлаш малакасига эга эмас, – дейди Навоий вилояти “Учинчи ренессанс” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Акбар Жайнаров. – Шу сабабли мазкур ер майдонларига ер эгаларининг аксарияти уруғлик маккажўхори, кунжут, картошка каби экинларни экиб етиштирмоқда. Кейинги йилдан ушбу ер майдонларига қандай экин экиш ва муносиб даромад олишга эса аҳолининг боши қотган. Одатий экилаётган экиндан даромаднинг пастлиги сабабли ер эгаларининг деярли барчаси ўзларини тўлиқ банд ҳисобламасдан бор-йўғи чорва молларини боқиш учун қўшимча ер майдони сифатида қарайди. Бунинг асосий сабаби аҳоли ўз шахсий имкониятлари ва ресурсларидан тўғри ва оқилона фойдаланиш бўйича билим ва малакага эга эмаслигидадир.

Мазкур муаммоларни бартараф этиш- мақсадида жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган “Ижтимоий-маънавий муҳит барқарор бўлмаган маҳаллаларда аҳолини бандлигини таъминлашга кўмаклашиш” мавзусидаги 1-танловида “Маҳаллалардаги эҳтиёжманд аҳоли, айниқса хотин-қизлар ва ёшларнинг хоҳиш ва истакларини ўрганиш ҳамда истеъдодларни қўллаб-қувватлаш” йўналишида “Учинчи ренессанс” ННТ ўзининг “Томорқа – деҳқоннинг қаноти, турмуш фаровонлигини оширишнинг гарови” лойиҳаси билан иштирок этиб, ғолиб бўлган эди.

Лойиҳа “Деҳқонобод” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг деҳқон хўжалиги ерларидан 5 нафар (20 сотихдан) доимий иш ўрнига эга бўлмаган ишсиз фуқарога ажратилган 1 гектар ер майдонида шифобахш, қимматбаҳо малина мевасини етиштириш орқали ердан самарали фойдаланишни йўлга қўйишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур лойиҳада деҳқон ҳозирги кунда олаётган даромадидан камида 8-10 баробар кўп даромад олади. 5 нафар фуқаронинг доимий ва 25 нафар фуқаронинг мавсумий бандлиги таъминланади.

Малинанинг ҳосилдорлиги ўртача 100-120 центнер бўлиб, бозорларда айни пишиқчилик даврида унинг ўртача нархи 30-35 минг сўмни ташкил этади. Деҳқон хўжалиги эгалари ўзларининг 20 сотихли еридан ўртача 2 тонна малина етиштирган тақдирда оладиган даромади 60-70 миллион сўмга етади. Бу эса деҳқонларнинг ҳозирда оладиган даромадидан 15-20 баробар кўп.
Лойиҳанинг энг муҳим жиҳати эса деҳқоннинг даромади ортиши билан бирга шифобахш малинанинг вилоят ички бозорлари ва халқимиз дастурхонига арзон нархларда етказиб берилиши таъминланади.
Абдували Бўриев, ЎзА.