“Қалмоққир” конидаги ислоҳотлар
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, рангли металлургия йўналишида олиб борилаётган модернизация ишлари экспорт салоҳиятини кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Янги инвестицион лойиҳалар, замонавий техникалар ҳамда рақамлаштириш тизимларининг жорий этилиши эса соҳани мутлақо янги босқичига олиб чиқяпти. Ана шундай янгиланишлар замирида ОКМКнинг “Қалмоққир” кон бошқармаси бугунги кунда нафақат ишлаб чиқариш ҳажми, балки технологик салоҳияти билан ҳам мамлакатимиз тоғ-кон саноатининг етакчи корхоналаридан бирига айланди.

– Мен меҳнат фаолиятимни 1980-йилнинг сентябрь ойида “Қалмоққир” конида экскаватор машинист ёрдамчиси сифатида бошлаганман, – дейди “Ёшлик-1” кони Балиқти карьери бошлиғи Мамасодиқ Каримов. – Ўша пайтларда конда асосан ковш сиғими 8 куб метр бўлган экскаваторлардан фойдаланиларди. Кейинчалик сиғими 10 куб метрли техникалар олиб келинганида, улар бизга баҳайбат бўлиб кўринган эди. Йиллар ўтиб, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг моддий-техник базаси тубдан янгиланди ва конга энг замонавий технологиялар, улкан экскаваторлар олиб келина бошланди.

Эски техникалардан фарқли ўлароқ, бугунги янги экскаваторларда машинист ва ёрдамчилар учун барча шароитлар ҳамда юқори даражадаги қулайликлар яратилган. Масалан, мойлаш тизимлари тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, бу иш унумдорлигини оширади.
Комбинатда ҳар бир оддий ишчининг ғоя ва рационализаторлик таклифларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Лойиҳаси муваффақиятли амалга ошган ходимлар моддий ва маънавий жиҳатдан муносиб рағбатлантирилмоқда.

Сўнги йилларда “Қалмоққир” кон бошқармасининг асосий ишлаб чиқариш кўрсаткичлари барқарор ўсмоқда. 2017 йилда 32,2 миллион тонна маъдан қазиб олинган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 34,3 миллион тоннага етказилди. 2025 йилда эса бу кўрсатгич 37,4 миллион тоннани ташкил этди. Ер очиш ишлари кўлами ҳам сезиларли даражада кенгайди. 2017 йилда 9,4 миллион куб метр бўлган ушбу кўрсаткич, 2025 йилда 18,4 миллион куб метргача ошди. Умумий тоғ массаси ҳажми ҳам изчил ортиб, 2017 йилдаги 22,1 миллион куб метрдан 2025 йилда 32,8 миллион куб метрга етди.
“Қалмоққир” кон бошқармаси бош механиги Абдулазиз Шодиевнинг таъкидлашича, ишлаб чиқариш суръатларининг ортиши, аввало, автопаркни тубдан модернизация қилиш билан чамбарчас боғлиқ. Бундан 10 йил аввал конда 42 та экскаватор ҳамда 22 дона бурғилаш ускунаси фаолият кўрсатган. Ўшанда конда асосан EKG-5, EKG-8 вa EKG-10 русумидаги нисбатан кичик ҳажмли кон қазиш техникалари ишлаган, юқори қувватга эга EKG-20 экскаваторидан эса атиги бир дона бўлган.

Маъданни қазиб олиш жараёнларини жадаллаштириш мақсадида кейинги йилларда “Қалмоққир” конига қўшимча равишда 3 та EKG-15 ва 2 та EKG-10 экскаватор олиб келинди ва техникалар сони 47 тага етказилди. Шунингдек, 3 та бурғилаш ускунаси ҳам келтирилди.
Мазкур конда рақамли бошқарув тизимларини жорий этиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, кон-транспорт назорат тизимлари ишга туширилиб, автосамосваллар, экскаватор, бурғилаш агрегатлари ҳамда ёрдамчи техникалар планшетлар, GPS/GLONASS треккерлари ва замонавий сенсорлар билан жиҳозланди. Бу эса барча жараёнларни аниқ вақт режимида кузатиш, маълумотларни тезкор таҳлил қилиш ва бошқарув самарадорлигини ошириш имконини бермоқда.


“Қалмоққир” кон бошқармасида амалга оширилаётган ислоҳотлар оддий модернизация эмас, балки ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган узоқ муддатли стратегик ёндашувдир. Янги авлод экскаваторлари, илғор бурғилаш ускуналари ва замонавий технологияларнинг кенг жорий этилиши, корхонанинг нафақат бугунги барқарор фаолиятини, балки келгуси йиллардаги истиқболли тараққиётини ҳам таъминламоқда.
А.Мусаев,ЎзА.