“Қалдирғоч” оромгоҳи иш бошлади
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида “Қалдирғоч” болалар ёзги оромгоҳи иш бошлади.
Оромгоҳда болаларнинг дам олиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Айниқса, сув ҳавзалари, шахмат майдончалари ва турли янги турдаги арғимчоқлар сабаб бу ер уларнинг севимли дам олиш масканига айланиши шубҳасиз.
Ушбу оромгоҳда тумандаги 87 та мактабнинг 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўқувчилари қамраб олинган. Аҳамиятли жиҳати, дам олувчиларнинг саломатлиги, тозалиги, орасталиги, овқатланиш тартиби шифокорларнинг доимий эътиборида бўлиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳам доимий назорат қилиб борилади.
Оромгоҳда болажонларга олий маълумотли, тажрибали тарбиячилар, етакчилар жалб этилган. 9 августга қадар 500 нафар ўқувчи дам олиши режалаштирилган. Ушбу вақт мобайнида улар вақтларини мазмунли ўтказиш билан бирга кўплаб дўстлар орттиради.
Дам олиш масканида ҳафтанинг ҳар бир куни ёш китобхон, хорижий тиллар, мусиқа, расм ва бошқа тўгараклар машғулотлари орқали болаларнинг билим даражаси мустаҳкамлаб борилади. Ўғил-қизларнинг футбол, волейбол, баскетбол, бадиий гимнастика, шахмат-шашка, стол тенниси, сузиш ва бошқа спорт турлари билан шуғулланиши учун барча имкониятлар яратилган.
Бундай шарт-шароитлар уларнинг соғлом ўсиши, билим ва дунёқарашини кенгайтириб, она юртимизга меҳрини янада оширишга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА