Қалбларни бирлаштирган - санъат
Тошкент шаҳридаги Павел Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабида XII Халқаро Туркий дунё маданияти, санъати, тасвирий санъати, шеърияти ва мусиқаси фестивали доирасида “Дунёни санъат асрайди” номли халқаро кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур маданий анжуман туркий халқларнинг бой маънавий мероси, санъат ва маданият соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Кўргазмада Туркиянинг таниқли рассоми Бану Давун, Озарбайжоннинг машҳур ижодкори Неваи Метин ҳамда ўзбекистонлик рассомлар Эркин Орол, Масъуд Холов, Алишер Хамдамов, Мурод Ўрмонов, Дилшод Нур, Сарвар Йўлдошев ҳамда мактаб ўқитувчилари, ўқувчилари турли жанрларда яратилган асарлари намойиш этилди. Тадбир юқори савияда ташкил қилиниб, унда фан, маданият, адабиёт ва санъат соҳаси вакиллари, ижодкорлар, талабалар ҳамда санъат мухлислари иштирок этди.
Кўргазма меҳмонларга туркий халқлар маданияти ва тарихи билан боғлиқ ноёб бадиий асарлар орқали яқиндан танишиш имконини берди. Туркиялик рассом, график ва санъатшунос олима Бану Давун ўз асарларида қадим цивилизациялар излари, тарихий воқеалар ва инсоннинг ўтмиш билан боғлиқ хотираларини бадиий талқин этади. Рассомнинг кўргазмада намойиш этилган асарларида қоятошларга битилган қадимий белгилар, ов саҳналари, кийиклар тасвири ҳамда қадимги подшоҳликлар даврига оид манзаралар ўзига хос бадиий ечимда акс этган.
Озарбайжонлик таниқли рассом, график дизайнер ва маданият фаоли Неваи Метиннинг ижоди ҳам кўргазма қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. У портрет, пейзаж, натюрморт ва графика жанрларида самарали ижод қилиб келмоқда. Рассом асарларида миллий қадриятлар, туркий дунё тарихи ва маданияти, инсон руҳияти ҳамда ёруғлик фалсафаси муҳим ўрин тутади.
Неваи Метин нафақат рассом, балки шоир, китоблар учун муқова ва график дизайн ишларини яратиш билан ҳам шуғулланади. Унинг фикрича, маданият ва санъат халқларни бирлаштирувчи, миллатлар ўртасидаги маънавий кўприкларни мустаҳкамловчи беқиёс кучдир. Кўргазма давомида намойиш этилган асарлар санъатнинг чегара билмас қудратини, турли халқларни умумий маданий қадриятлар атрофида бирлаштира олиш салоҳиятини яна бир бор намоён этди. Зеро, инсон қалбига эзгулик, гўзаллик ва маърифат уруғини сепувчи санъат ҳақиқатан ҳам дунёни асрайдиган буюк кучдир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/YugbtYJX1M4" title="Qalblarni birlashtirgan - san’at" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санъатшунос Мунира Рамазонова, Дониёр Якубов,
Салим Обиджонов (+видео) , ЎзА