Қалбларга завқ улашган Наврўз
Андижон машинасозлик институтида “Ассалом Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми” деб номланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Институт профессор-ўқитувчилари, ишчи-техник ходимлари, талаба ёшлар, меҳмонлар иштирокидаги байрам тантаналари очилишига бағишланган тадбирда сўз олган институт ректори Умиджон Турдиалиев ва бошқалар Наврўз байрами юртимизда Янги Ўзбекистон барпо этилаётган янги бир шароитда ўзгача кўтаринкилик билан нишонланаётгани, умуман, халқимизнинг қадим байрами ҳар бир юртдошимиз қалбидан чуқур жой олган миллий қадриятимиз эканлигини таъкидлади.
Шундан сўнг байрам тантаналари бошланди. “Баҳор манзараси” деб номланган расмлар кўргазмаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Устоз аёллар, талаба қизлар иштирокидаги лапар айтиш, гуруҳлараро соч ўриш, варрак учириш, арқон тортиш, тош кўтариш мусобақалари, “Заковат” интеллектуал билимдонлар танловининг институт босқичи, наврўз байрамининг тарихи, мазмун-моҳиятини кўрсатиб беришга бағишланган иншолар танловида талабалар ўзларининг билим, иқтидор ва маҳоратини намойиш этди.
Миллий таомлар тайёрлаш бўйича халқимиз анъаналарини тарғиб этиш, талабаларнинг пазандалик борасидаги маҳоратини кўрикдан ўтказиш мақсадида ўтказилган баҳорий таомлар, полов тайёрлаш мусобақаси жуда қизиқарли бўлди.
Байрам муносабати билан институт ректори ташаббуси билан институтда фаолият юритаётган, шунингдек, институтга бириктирилган маҳаллаларда истиқомат қилувчи эҳтиёжманд хотин-қизлар, пенсионерлар, нуронийлар, ёлғиз яшаётган кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг маиший муаммоларини ҳал этишга кўмаклашилди, уларга моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Айниқса, факультетлар Хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раисларининг институтга бириктирилган Андижон шаҳрининг “Ҳамдўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган ўзининг табаррук юз ёшини нишонлаётган Турдихон момо Холиқова хонадонига ташрифидан онахон, унинг оила аъзолари беҳад мамнун бўлди.
Байрам тадбирида халқимизнинг шоҳ таоми – сумалак тайёрланди. Сумалак ва бошқа баҳорий таомлардан барча баҳраманд бўлди. Бадиий ва ҳаваскорлик жамоалари, талабалар томонидан ижро этилган рақс, куй-қўшиқлар, саҳна кўринишлари барчага хушнудлик, кўтаринки кайфият улашди.
Кечга қадар давом этган, унутилмас таассуротларга бой байрам тадбири барча иштирокчиларга кўтаринкилик бағишлаш билан бирга, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, Наврўз қадриятларига ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Якунда байрам тадбирларида фаол қатнашган, ўтказилган мусобақалар, танловларнинг ғолиб ва совриндорлари институт ректорати томонидан муносиб рағбатлантирилди.
[gallery-6251]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА