Қалбаки алкоголь маҳсулотларидан эҳтиёт бўлинг
Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳолати фош этилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хўжайли тумани бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Е.А. ва Н.Н. “Қораўзак деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамияти олдида фуқаро Б.га 174 та қалбаки акциз маркалар билан елимланган “Қаратау” алкоголь маҳсулотини 3,6 миллион сўмга сотган вақтида ушланди.
Уларнинг автотранспорт воситасидан жами 275 дона алкоголь маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА