“Қалб дипломатияси” халқаро конференцияси якунланди
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган “Қалб дипломатияси” халқаро конференцияси ўз ишини якунлади.
Конференциянинг якуний куни ҳуқуқий масалаларга бағишланди ва у минтақавий ҳамда глобал контекстда муҳим аҳамият касб этди. Муҳокамаларда Марказий Осиёда ҳуқуқий маданиятнинг тарихий ва замонавий ривожи, сунъий интеллектнинг ҳуқуқий тизимларга таъсири каби долзарб йўналишлар кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, “Буюк Ипак йўли” мероси доирасидаги муҳокамалар тарихий тажриба ва замонавий интеграция ўртасидаги боғлиқликни кўрсатиб, маданий дипломатиянинг аҳамиятини янада чуқурлаштирди.
Уч кун давом этган мазкур конференция мамлакатимизнинг халқаро илмий ва маданий майдондаги ўрнини мустаҳкамлашга оз бўлса-да ҳисса қўша олди. Турли давлат вакиллари ўртасида билим ва тажриба алмашиш имконини яратди. Энг муҳими, ёшлар ва мутахассисларни бирлаштириб, янги ғоялар шаклланишига хизмат қилди.

Конференцияда тил, адабиёт ва ҳуқуқ бирлашган ҳолда нафақат назарий, балки амалий ечимлар ҳам таклиф қилинди. Иштирокчилар ўзаро тажриба алмашди, янги ҳамкорлик йўналишлари бўйича таклифлар илгари сурилди ҳамда бир қатор муҳим ташаббуслар муҳокамага қўйилди.
Хусусан, конференциянинг расмий нутқлари ва панель муҳокамалари орқали илгари сурилган фикрлар оддий дипломатик баёнотлардан кўра чуқурроқ, инсон омилига яқинроқ бўлгани билан ажралиб турди. Айниқса, халқаро муносабатларга фақат сиёсий ёки стратегик эмас, балки инсоний ёндашув орқали қараш ғояси куннинг асосий руҳини белгилаб берди.

Муҳокамаларда кўп тиллилик масаласи ҳам алоҳида урғу билан тилга олинди. Турли тилларни билиш нафақат мулоқотни осонлаштириши, балки сиёсий таҳлил ва дипломатик жараёнларда чуқурроқ англаш имконини бериши таъкидланди.

Халқаро таълим ҳамкорлигига бағишланган давра суҳбатлари эса турли давлатлар ўртасидаги академик алоқалар узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликка хизмат қилиши мумкинлигини аниқ мисоллар орқали очиб берди.
Умуман олганда, конференция фикрлар алмашинуви, янги қарашлар ва амалий хулосаларга бой бўлди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА