Қалами билан жамиятга хизмат қилган журналист
Очиғини айтаман, Норбўта Ғозиев биз каби ёш журналистлар учун ҳам ибрат, ҳам касбга садоқат, ҳам тажриба мактабидир. Олийгоҳни тамомлаб, вилоят газетасида фаолиятимизни бошлаган дастлабки йилларда устоз журналистларнинг мақолаларини ўқиб, баъзан тақлид қилиб, баъзан услубини ўғирлаб материал тайёрлашга ҳаракат қилардик. Боиси таҳририятда тартиб қаттиқ, масъул котиб жаноблари унча-бунча материалларни ўтказмайди. Ҳар сонда бир тутамгина бўлса-да бирор нарсанг чиқмаса, чўнтакка зарар. Мана шундай устозлар қаторида Норбўта Ғозиев ҳам бор эди. Ҳуқуқий мавзуларда бирор мақола тайёрлаш керак бўлса, “Адолат кучи”дан адолат излардик.
Журналистика – фақат касб эмас, балки жамият дардини ҳис этиш, ҳақиқатни ҳимоя қилиш ва одамлар манфаатига хизмат қилиш масъулиятидир. Ана шу эзгу тамойилларга ярим асрдан зиёд вақт давомида содиқ қолиб келаётган фидойи ижодкорлардан бири Норбўта Ғозиевдир.
51 йиллик меҳнат фаолияти давомида устоз қаерда ишламасин, ўзининг ташкилотчилиги, талабчанлиги ва юксак масъулияти билан ҳамкасблари ҳурматига сазовор бўлди. 2010 йилдан буён “Адолат кучи” ижтимоий-ҳуқуқий газетаси бош муҳаррири сифатида самарали меҳнат қилиб келмоқда. У кишининг раҳбарлигида газета мазмун ва сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, моддий-техника базаси мустаҳкамланди, обуначилар сони ортди ва мамлакатдаги нуфузли ҳуқуқий нашрлардан бирига айланди.
Норбўта Ғозиев раҳбарлик фаолияти билан чекланиб қолмасдан, қаламкаш сифатида ҳам сермаҳсул ижод қилмоқда. Ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий мавзулардаги таҳлилий ва танқидий мақолалари орқали кўплаб долзарб муаммоларни жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқди. Юздан ортиқ мақолалари аҳоли мурожаатларига ечим топишга, жойлардаги камчиликларни бартараф этишга хизмат қилди.
Бугун устоз журналистлар гурунгларида Норбўта Ғозиевнинг ўз даврида мардона туриб ёзган танқидий мақолалари ва ўз навбатида бу раҳбарларга маъқул келмаганини, ҳатто бир гал танқиддан кейин муаммолари ҳал бўлган бир гуруҳ қишлоқ аҳолиси ишхонасига келиб раҳбариятдан устознинг ишда қолдирилиши шартини қўйганлигини ҳам кўп эслашади.
Фидойи журналистнинг яна бир муҳим фазилати устозлик анъанасига содиқлигидир. У кишининг тарбиясини олган кўплаб шогирдлар бугун республика ва вилоят оммавий ахборот воситаларида, ижодий ташкилотларда масъул лавозимларда самарали меҳнат қилиб келмоқда.
[photobank-30110]
Устознинг меҳнати муносиб эътироф этилган. У республика ва вилоят миқёсидаги қатор ижодий танловлар ғолиби, “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови совриндори, “Мустақиллик – ҳуқуқ демак” танловининг бир неча карра ғолиби ҳисобланади.
Касбига садоқат, ҳақиқатга ҳурмат ва инсон манфаатларига хизмат қилишни ҳаётининг бош мезонига айлантирган Норбўта Ғозиев бугун ҳам ёш журналистлар учун муносиб устоз, ҳамкасблари учун эса ибрат мактабидир. У кишининг сермазмун ижоди ва самарали фаолияти миллий журналистика тараққиётига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари