Қадрсиз неъмат қадр топармикан?
–Хўш айтинг-чи, сувда атом борми?
– Сувда-ми?.. Сувда, атом нима қилади? Атом, бу бомба-ку!
Мулоҳазаларимизни бежиз ушбу жумлалар билан бошламадик. Ҳақиқатдан сув олий, қудратли кучга эга бўлган неъмат саналади. Дастурхоннинг кўрки бўлган, уни ўрнини бошқа ҳеч бир неъмат боса олмайдиган нонга азалдан боболаримиз нон ҳам нон, ушоғи ҳам нон деб, бежизга таъриф бермаган. Ҳозирги кунга келиб бу иборани сувга нисбатан ҳам бемалол ишлатса бўлади. Чунки нонни нон бўлиб етилишида ҳам сувнинг ўрни беқиёс. Аслида дунё яралгандан бери сув мавжуд. Сувсиз бирор нарсани тасаввур этиб бўлмаслиги ҳаммага кундек равшан.
– Сувнинг улуғ неъмат эканлигини бобомдан кўп бора эшитганман. Бобом мироб бўлганлар. Тошкент вилояти Зангиота тумани Чирчиқ дарёси қирғоқлари атрофидаги аҳоли асосан деҳқончилик билан шуғулланади. Ҳовлимиз ва деҳқончилик қиладиган ерлар хонободликлар учун машҳур Баротхўжа номи билан аталувчи анҳор орқали келадиган оқар сувдан суғориларди. Анҳордан оқиб келган сув кичик ариқларга бўлиниб хонадонлар томорқаларигача етиб борарди. Бобомни айтган мана бу гаплари доим ёдимда. Сувни кўзи кўр. Агар уни йўлини очиб етакласанг қирларга ҳам олиб борса бўлади. Бобомнинг бу гапларини йиллар ўтиб тушундим. Сув баҳоси йўқ неъмат.
Ўша юқорида айтиб ўтилган ариқлардаги оқар сувлар ҳақида яна бир хотира. Ёшлигимиздаги ариқлардаги шарқираб оқадиган сувлар ҳали ҳам кўз олдимда. Онам тандирга нон ёпардилар. Тандирдан узилган қайноқ кулча нонларни талашиб-тортишиб оқар сувга ташлаб ейишга ошиқардик. Оиладаги кексалар сувга ахлат, беҳуда ифлос нарсаларни ташлаш, ҳатто туфлаш ҳам катта гуноҳ бўлишини кўп айтишган. Сувни қадри менимча ўша пайтларда анча баланд экан. Ҳозирдачи... Сувни қадрига етиш керак деган тушунчалар бизга энди етиб келгандек. Назаримда ҳали ҳам буни шунчаки гап деб қараётганлар кўпчиликни ташкил қилади.
Ҳозирда бозорларда, мактабларда, кўча ёқаларида, айрим хонадонларда яна қанча шу каби манзилларда кранлардан туну-кун оқиб ётган сувларни кузатиш мумкин. Одамлар бунчалик беэътибор, ҳафсаласиз бўлиб кетганми деган саволлар тинчлик бермайди. Хизмат сафари билан кўплаб вилоятларда бўлганман. Мисол учун Бухорога биринчи бор бўлганимда ичимлик сувни сотиб олишларини кўриб ҳайрон қолганман. Машиналарда ичимлик суви хонадонларга етиб келар ва аҳоли уни фақат ичиш учун сотиб оларкан. Самарқанд, Қашқадарё ва Наманганда кўп бор бўлдим. Қишлоқ жойларда сувга бўлган эҳтиёж жуда катта. Менимча кўплаб вилоятларда бу каби ҳолатни кузатиш мумкин. Аммо, Тошкентдек азим шаҳарда сув муаммосига дуч келинмаса керак. Чунки тинимсиз оқиб турган, исроф бўлаётган сувларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ деб шунга айтилса, керак. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозирда сувга бўлган талаб ўтган асрнинг олтмишинчи йилларига нисбатан икки баравар кўпайган. Сабаби аҳоли сони ортиб, қишлоқ хўжалиги ва саноат йилдан йилга ривожланмоқда.
Маълумотларга қараганда, мамлакатимиздаги сув ресурсларининг йигирма фоизи ўзимизда, асосийси эса, қўшни давлатларда шаклланади. Иқлим ўзгариши оқибатида сув манбалари йил сайин камайиб бормоқда. Кузатувлар натижаси шуни кўрсатадики, 2030 йилга бориб юртимиздаги сув танқислиги 15 миллиард кубометрга етиши тахмин қилинмоқда. Бу шунчаки оддий гаплар эмас. Буни ортида инсон ҳаёти турибди.
Инсон ҳаёти. Шу гап айтилганда бир дўстимдан эшитган воқеани айтишни лозим топдим. Дўстим хорижга катта машина билан юк ташир эди. Анча илгари бўлган бир воқеани айтиб берди. Бир таниши Қозоғистон чўллари орқали ўша пайтда катта нархда баҳоланган ГАЗ-24 “Волга” машинасини олиб келишда катта қийинчиликка дуч келган экан. Йўлда номаълум томонга кетиб қолган, егулик ҳам, ичишга сув ҳам тугаган. Қуёш нурларидан паноҳ тополмай катта нархда баҳоланадиган машинани бир қултум сув ва бир тишлам нонга бериб юборишга тайёр бўлган экан. Тасаввур қилинг, агар сиз ҳам шу ҳолга тушганингизда бошқа чорани қидирмаган бўлар эдингиз, албатта. Уларнинг бахтига бир йўловчи машина ўтиб қолиб омон қолган экан.
Сув билан боғлиқ бундай воқеаларни кўплаб келтириш мумкин. Бундай ҳолда Яратгандан ўзгасидан нажот кутиш мумкин ҳам эмас. Шулар ҳақида ўйлаб, нимага сувга беэътибор бўлаётганимизга ачинаман. Сув ҳақида унинг исрофига йўл қўймаслик учун тарғибот ишлари бизда деярли йўқ. Ҳар бир ташвиқот оиладан бошланади. Бу айни ҳақиқат. Шунинг учун ҳар бир оила боши фарзандларига сувнинг исрофи нима оқибатларга олиб келишини қайта-қайта уқтириб бориши лозим.
Набираларим мактабда таҳсил олади. Бир куни уларни мактабга олиб бордим. Кираверишда крандан сув оқиб, йўлакни кўлмак ҳолга олиб келибди. Аста бориб сувни оқишдан тўхтатдим ва набираларимга ҳам бу каби ҳолатларга эътиборли бўлишни тайинладим. Шу кичкина тарбия болага таъсир қилганини эртасига кўрдим. Яна мактабда ўша ҳолат. Набирам чопиб борди ва сувни беркитди. Ўзимча берган тарбиямдан кўнглим кўтарилди.
Яна бир нарса. телеэкранлар орқали берилаётган рекламаларни кузатдим. Кетма-кет, айланаётган реклама роликларида сувни тежаш ҳақида лавҳа йўқ. Бордир лекин жуда ҳам кам. Турли ичимликлар, егуликлар, дори воситалари яна шу каби киши ғашига тегадиган роликлар.
Одатда яхши маҳсулот рекламага муҳтож эмас дейишади. Бу бор гап. Аммо шундай нарсалар бор-ки, уни реклама қилиш инсонлар онгига кучли таъсир этиши ҳам исботланган. Мисол учун бозор ва савдо расталари орқали рўзғорни бутлаш учун юрган харидор бўлмаганда рекламадаги бир маҳсулотни олишдан олдин ўша роликни кўз олдига келтириши табиий ҳол. Яна бир мисол спиртли ва тамаки маҳсулотларида кишини ўлимга олиб келувчи суратлар ва сўзлардан фойдаланилмоқда. Ижтимоий роликларда сувнинг фойдаси, шу билан бирга уни исроф қилиниши катта фожиаларга олиб келишини кенг тарғиб қилиш лозим. Рекламада ижтимоий юкни кучайтириш керак ва бошқа роликлар каби қайта-қайта кўрсатиб бориш керак.
Эътиборсизлик оқибатида сувни қадри кун сайин тушиб бормоқда. Унинг қадри кўтарилармикан, деган саволни ҳар биримиз ўзимизга бериб турмоғимиз шарт. Дунё олимлари, шоирлари, ёзувчилари сув танқисланиб бораётгани ҳақида асарлар яратмоқда. Бу яхши, албатта. Аммо амалий ишга ўтилмас экан сув қадрсизланишда давом этаверади.
Шоир шундай мисралар битибди:
Хўп, пахтамни бераман, сув беринг,
Хўп, шахтамни бераман, сув беринг,
Сув ичмасам, тез ўламан, сув беринг!
Энди билсам, сув текинмас экан!
Сув бугун бизда текин. Сабаби, савдо шохобчаларига кирсангиз арзимаган пулга олиш мумкин. Ер ости сув захиралари камайиб бораётгани эса бор ҳақиқат. Газ, электр энергия яна кўплаб маҳсулотларнинг нархи ошгудек бўлса, дунёга жар солишга тайёрмиз. Уларсиз яшашнинг ҳам чораси бордир. Аммо сувсиз яшашга имкон йўқлиги оддий ҳақиқатлигини тушунишни истамаймиз.
Юқорида саҳна кўринишидан кичкина лавҳани ёдга олганимиз бежиз эмас. Фикрларимизни яна ўша кичик лавҳани ёдга олиш билан якунлаш ниятидамиз.
–Хўш мулла Суннатулла, айтинг-чи, сув неча даражада парчаланади?
–Сув, домлажон, любой даражада парчаланади. Мисол учун мана шу графиндаги сувни стаканга қуямиз ва сепиб юборамиз. Парча-парча бўлиб кетади.
Ушбу саҳна кўриниши сизнинг кўз олдингизга келди. Стакандаги сувни домла сепишга йўл қўймайди. Кичкинагина эпизод. Аммо олам маъно яширинган. Истеъмолдаги сув кундан кунга парчаланиб бормоқда. Унинг яхлит ҳолда сақланишига, келажак авлодга ҳам мўл ҳолда етказишда бугун биз масъулмиз. Буни ҳар биримиз тушунишимиз ва биргаликда амалий ишларга қўл уришимиз лозим.
Асрор Сулаймонов, ЎзА