Қадри қаддидан баланд ҳунарманд (+видео)
Ўзбек халқининг кўп асрлик тарихида халқ амалий безак санъати турлари бой ва ранг-баранг маданий меросимизнинг энг ажойиб ва оммавий қисмини ташкил этади. Она диёримизда вужудга келиб, гуллаб яшнаган санъат турлари бемисил ва бетакрорлиги билан оламга машҳур. Ана шундай халқ амалий безак санъатининг кенг тарқалган турларидан бири бу – сандиқсозлик санъати. Бунда бирор нақш ёки тасвир пўлат тунука ёки ёғоч буюмларга чизиб, кесиб, ўйиб ишланади. Бадиий санъатнинг бу тури деярли барча халқларда мавжуд бўлиб, айниқса кўҳна шарқ архитектурасида кенг ишлатилган.
Убайдулла Қосимов тошкентлик сандиқсоз уста бўлиб, кандакор сандиқ, эшик, ўймакор работи дарвозалар, турли хил анъанавий миниатюра суратлар ва бошқа ёғоч буюмлари ясаш билан ном чиқарган. У киши турли буюмларни тайёрлашда ва уларга мураккаб нақш туширишда асосан ёнғоқ дарахти ёғочидан фойдаланади. Устанинг айтишича, ундан ясалган сандиқ, лавҳ, қаламдон, лаган, шунингдек, рўзғор ва эсдалик буюмлари харидоргир ва сифатли ҳисобланар экан.
Яна бир гап: халқ амалий безак санъати кишиларнинг маънавий оламини бойитади, бадиий дидини шакллантиради, рухиятини тарбиялайди. Шунинг учун ҳам ўзбек халқ амалий санъати кишиларнинг дунёқарашини шакллантиришда ва маданий салоҳиятини оширишда энг зарур манбалардан бири ҳисобланади.
Кўрсатувнинг тўлиқ шаклини ЎзАнинг “YouTube” каналида томоша қилишингиз мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/2yh6c5eAgek" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Ўткир Мирзо, Нишон Абдувоҳит (видео), ЎзА