Қадимий ва улуғворсан она тилим
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
Ҳар йили юртимизда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни сифатида кенг нишонланади. Аслида буни бир кун эмас доимий равишда нишонлаш ва эътиборда тутмоқ лозим. Шундагина она тимимизга бўлган ҳурмат янада кучаяди.

Тарихдан маълумки, шеърият мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоий ўзбек тилининг асосчиси сифатида тарих саҳнасига чиққунига қадар тилимиз ўз эркига эришган эмас. Бугунда буни чуқур ҳис этиб ёш авлодга ўзбек тилининг нақадар қадимий ва улуғворлигини сингдириб бормоқ керак. Сана муносабати билан жойларда тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Жумладан, “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиалида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 35 йиллиги ҳамда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан “Тилга эътибор – элга эътибор” ва “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остида республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган вилояти бўлими билан ҳамкорликда давра суҳбати бўлиб ўтди.

– Она тилимиз асрлар оша тараққиёт йўлини босиб ўтди – дейди “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Аҳрорбек Акбаров. – Мамлакатимиз ҳаётига кириб келган ҳурлик шабадалари илк бор истиқлолимиздан икки йил бурун тилимизга давлат тили мақоми берилиши билан элимизни мамнун этди. Шу сабаб ҳам 1989 йилнинг 21 октябрь санаси ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида тарих зарварақларига муҳрланди. Айни шу сана Ўзбек тили байрами куни сифатида кенг нишонланиб келинаётгани ҳам бизни фахру ифтихорга тўлдиради.
Аслида, миллатнинг нуфузи ана шу миллат, халқ тилининг қанчалик кенг тарқалганлиги, мукаммаллиги, оммалашганлиги, бой ва софлиги билан белгиланади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.